Туркистонда музлатгич заводи ишга тушди


  • 24 Апрель, 2025
  • 20

Туркистон вилоятининг Сауран туманида музлатгичлар ишлаб чиқарувчи завод расман ишга туширилди. Ушбу завод халқаро UBC Group компанияси томонидан қурилди. Бу лойиҳа нафақат минтақанинг энг йирик саноат ташаббусларидан бири, балки компаниянинг Қозоғистондаги биринчи заводи ҳисобланади.

Лойиҳа пиво ва музлатгич ускуналари ишлаб чиқариш бўйича Шарқий Европада етакчи бўлган UBC Group томонидан амалга оширилди. Компания президенти Игор Гуменныйнинг сўзларига кўра, Қозоғистонда завод қуриш қарори 2023 йилда қабул қилинган. UBC Group Қозоғистонни стратегик ривожланиш нуқтаси сифатида кўриб, ўз ишлаб чиқариш ҳудудини кенгайтириш ва маҳаллий бозорда фаол иштирокини кучайтиришни мақсад қилган.

Лойиҳага киритилган инвестициялар ҳажми 60 миллион еврони (2024 йил 23 апрелдаги курс бўйича 68,6 миллион доллар ёки 35,7 миллиард тенге) ташкил қилди. Завод тўлиқ қувватда ишлаганда йилига 140 мингта музлатгич ишлаб чиқара олади. Бу корхона Туркистон вилоятидаги Кичик саноат парки инфратузилмаси доирасида жойлашган бўлиб, бу ерда ҳудуднинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган бошқа лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда.

Музлатгич ишлаб чиқариш — Кичик саноат парки доирасида амалга оширилаётган 37 та лойиҳадан бири, холос. Умумий инвестиция ҳажми 136,8 миллиард тенгени ташкил қилиб, биринчи босқичда 2000 дан ортиқ иш ўрни ташкил этилиши режалаштирилган. Вилоят раҳбарияти бу тажрибани ҳудуднинг бошқа туманларида ҳам жорий этишни мақсад қилмоқда.


Бошқа мақолалар