Россия ва Украина ҳайатлари учрашади


  • 16 Май, 2025
  • 16

Туркия ташаббуси билан кеча Истанбулда ўтказилиши режалаштирилган Россия-Украина тинчлик саммити бугунга қолдирилди. Бугун бўлиб ўтиши кутилган учрашув олдидан эса расмий баёнот берилди. Туркия ташқи ишлар вазирлиги аввал Туркия-АҚШ-Украина уч томонлама учрашуви, сўнгра эса Туркия-Россия-Украина уч томонлама учрашуви ўтказилишини маълум қилди.

AFP хабар беришича, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио бугун эрталаб Россия ва Украина ўртасида ўтказилиши кутилган тўғридан-тўғри музокаралар учун Истанбулга келди. АҚШ Давлат котиби режалаштирилган музокараларда иштирок этмаслиги кутилса-да, у ва бошқа америкалик расмийлар эрталаб Украина ва Россия ҳайатлари билан учрашувлар ўтказиши маълум қилинди.

Ташқи ишлар вазирлиги манбалари томонидан берилган баёнотда: “Истанбулда бугун Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик музокаралари доирасида аввал Туркия-АҚШ-Украина, сўнг Туркия-Россия-Украина уч томонлама учрашуви ўтказилади,” дейилди.

Туркия ташаббуси билан Истанбулда кеча ўтказилиши керак бўлган Россия-Украина тинчлик саммити кутилганидек ечим эмас, балки муаммога айланди. Россия президенти Владимир Путиннинг Истанбулга келмасликка қарор қилиши натижасида, Путин билан учрашиши кутилган Украина президенти Владимир Зеленский ҳам қарорини ўзгартирди. Икки томоннинг ўзаро ҳақоратли баёнотлари вазиятни янада таранглаштирди. Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидон бу вазиятга аралашди ва умидлар бугунги кунга қолди.


Бошқа мақолалар