Парижда янги давлат тузиш бўйича келишувга эришилди


  • 14 Июль, 2025
  • 11

Франция ва Янги Каледония вакиллари Парижда янги давлат тузиш масаласида тарихий келишувга эришди. Янги Каледония мустақил давлат мақомини олса-да, Франция билан боғлиқ муносабатларини тўлиқ узмайди. Бу ҳақда Франция бош вазири Франсуа Байру маълум қилди. У бу келишувни “тарихий бурилиш” деб атади.

Келишувга кўра, Янги Каледония ўз ватандошлик тизимини жорий этади. Яъни архипелаг аҳолиси француз ватандошлиги билан бир қаторда Янги Каледония ватандоши ҳам бўлиш ҳуқуқига эга бўлади. Шунингдек, янги давлат ўз ташқи сиёсатини мустақил равишда белгилаши мумкин бўлади.

Келгуси йилларда тўлиқ мустақиллик масаласини кўтариш назарда тутилмаган. Яъни референдум орқали тўлиқ ажралиш варианти бу келишувда кўзда тутилмаган. Аммо ушбу ҳужжат Янги Каледониядаги аҳоли овоз бериш орқали тасдиқлаши керак бўлади. Шунингдек, француз парламенти ҳам келишувни тасдиқлаши зарур.

Маҳаллий сайловлар эса, режага кўра, 2026 йилнинг май–июнь ойларигача кечиктирилади.

2024 йил баҳорида Янги Каледонияда Франция томонидан таклиф қилинган сайлов ислоҳоти ортидан кенг кўламли намойишлар бошланган эди. Француз парламентининг янги қонунига кўра, архипелагда 10 йилдан кўпроқ вақт яшаб келаётган барча ватандошларга маҳаллий сайловларда овоз бериш ҳуқуқи берилиши режалаштирилган эди.

Амалда эса, ҳозирча фақат 1998 йилгача рўйхатга олинганлар ва уларнинг фарзандлари сайловда қатнашиш ҳуқуқига эга. Бу ҳолат архипелагдаги канаклар — маҳаллий аҳоли, 270 минглик аҳолининг 40 фоизини ташкил этувчи этник гуруҳ —нинг сиёсий таъсирини сақлаб қолишга хизмат қилади.

Янги қонун уларнинг таъсирини камайтиришга олиб келиши мумкинлиги туфайли, кенг норозиликларга сабаб бўлди. Мустақиллик бўйича ўтказилган учта референдум ҳам муваффақиятсиз тугади, шу боис Франция сайлов тизимини ўзгартиришга ҳаракат қилди.

Янги Каледония 1853 йилдан бери Франция таркибида. 1946 йилдан эса расман Франциянинг денгиз орти ҳудуди ҳисобланади. Бу архипелаг никель ишлаб чиқариш бўйича дунёда учинчи ўринда туради. Аммо бу соҳадаги иқтисодий инқироз сабаб, ҳар бешинчи аҳоли киши қашшоқликда яшайди.


Бошқа мақолалар