АҚШ суди Трампнинг тарифларини бекор қилди


  • 29 Май, 2025
  • 17

Нью-Йоркда жойлашган АҚШ Федерал Халқаро Савдо Суди Президент Дональд Трампнинг бутун дунё бўйлаб кенг қамровли божхона тарифларини жорий қилиши “ваколатини оширгани” деб қарор чиқарди ва “тарифларни тўхтатиш”ни талаб қилди. Трамп маъмурияти эса бу қарорга шикоят қилди. Мазкур масала бўйича ҳуқуқий кураш бошланди. Мутахассислар: “Тарифлар амалда қоладими-йўқми каби масалаларда ҳали аниқлик йўқ, ҳозирда муайян бир ноаниқлик юзага келган”, — дея фикр билдирмоқда.

Президент Дональд Трамп томонидан 2 апрель куни жорий этилган ва жаҳон бозорларини издан чиқарган “ўзаро божхона тарифлари” масаласида муҳим воқеа рўй берди. Мамлакатдаги Федерал Халқаро Савдо Суди Президент Трампнинг бутунжаҳон даражасида кенг қамровли бож тўловларини жорий қилиши “ваколатдан чиқиш” эканини қайд этди ва “тарифларни бекор қилиш”ни талаб қилди.

Уч нафар судьядан иборат ҳайъат Трамп божхона тарифларини қонунийлаштириш учун асос сифатида кўрсатган 1977 йилда қабул қилинган Халқаро Фавқулодда Иқтисодий Ваколатлар Тўғрисидаги Қонун аслида Президентга “кенг қамровли божларни якка тарафлама жорий этиш ваколатини бермаслиги”ни таъкидлади.

АҚШда импортга боғлиқ ҳолда ишлаб чиқарувчи 5 та компания томонидан очилган суд ишида судьялар Трампнинг тариф буйруқлари “қонунга зид” эканини ва “бекор қилиниши кераклигини” айтди.

Трамп маъмурияти эса бу қарорга қарши чиқди ва Вашингтон маъмурияти ушбу ишни апелляция тартибида кўриб чиқишини билдирди.

Оқ уй матбуот котиби Куш Десаи эса: “Чет эл мамлакатларининг АҚШга нисбатан адолатсиз муносабати доимий савдо танқисликларини келтириб чиқарди. Бу танқисликлар ишчиларимизни орқада қолдириб, саноат асосимизни заифлаштирган миллий фавқулодда ҳолатни юзага келтирди. Суд бу фактларни муҳокама қилмади”, — деди.

АҚШда божхона тарифлари Конгресс томонидан маъқулланиши керак бўлса-да, Президент Трамп савдо танқисликларини “миллий фавқулодда ҳолат” деб атаб, 2 апрель куни кўплаб мамлакатларга бож тўловларини жорий қилган эди.

Кейинчалик АҚШ маъмурияти “90 кунлик кечиктириш қарори”ни қабул қилди ва бу давр мобайнида Хитой билан келишувга эришди. Илк босқичда 100% дан ортиқ бўлган тарифлар икки томонлама камайтирилди.

Охирги марта Трамп Европа Иттифоқига нисбатан ҳам 50% тариф жорий қилиш ҳақида гапирган ва 9 июлни белгилаган эди. Европа Иттифоқи эса бу масалада “музокара бошлаш” қарорига келган.

Суд қарори ва Трамп маъмуриятининг қарорига қарши чиқиши ҳуқуқий курашни бошлади. Мутахассислар: “Бу қарор вақтинча чорами ёки йўқми, апелляцияга берилганми, тарифлар ҳозирча амалда қоладими — бу каби масалаларда ҳали аниқлик йўқ. Ҳозирда бу борада муайян ноаниқлик мавжуд”, — дея баҳоламоқда.

Айрим таҳлилчилар эса бу босқичда АҚШ маъмурияти турли асосларга таянган ҳолда тарифларни давом эттиришга ҳаракат қилишини таъкидламоқда.


Бошқа мақолалар