- 2021-12-29
Суриянинг Идлиб шаҳрида бир пудратчи 1500 йиллик Византия даврига тегишли ер ости қабрлар мажмуасини топди. Ундаги хоч белгили сутунлар ва қадимий қолдиқлар ушбу ҳудуднинг бой археологик ўтмиши ҳақида маълумот бермоқда. Византия империяси милодий 4-асрда Рим империясининг давоми сифатида вужудга келган бўлиб, пойтахти бугунги Истанбул — Константинопол шаҳри бўлган ва христианликни расмий дин сифатида қабул қилган.
Суриянинг шимоли-ғарбида жойлашган Идлиб вилоятида, Византия даврига тегишли деб тахмин қилинаётган 1500 йилдан ортиқ тарихга эга ер ости қабрлар мажмуаси кашф этилди.
Sky News’нинг маълум қилишича, тарихий топилма Ҳалаб ва Дамашқ шаҳарлари ўртасида жойлашган Маарат ал-Нуъман шаҳрида, вайрон бўлган бир уй вайронасини тозалаётган суриялик пудратчи томонидан топилган.
Қайта қурилиш ишлари вақтида тош ёриқларини пайқаган пудратчи бу ҳолат ҳақида хабар берган ва шундан сўнг ҳудудга расмийлар ва мутахассислар жўнатилган.
Мажмуанинг суратларида шикастланган бино ёнидаги чуқур икки қабрхонага олиб бориши кўринади. Ҳар бир хонада олтитадан тош қабр мавжуд бўлиб, сутунчалардан бирининг юқори қисмига хоч белгиси ўйиб туширилган.
Идлиб Қадимий Ашёлар Бошқармаси раҳбари Ҳасан ал-Исмоилнинг таъкидлашича, "Хоч белгиси ҳамда топилган керамика ва шиша парчалари бу қабр Византия даврига мансублигини кўрсатади." Исмоил шунингдек, Идлиб Суриядаги қадимий ёдгорликларнинг учдан бир қисмига эга эканини, вилоят ҳудудида 800 та археологик жой ва қадимий шаҳар мавжудлигини қўшимча қилди.
Византия империяси милодий 4-асрда Рим империясининг давоми сифатида вужудга келган, пойтахти бугунги Истанбул (Константинопол) бўлган ва христианликни расмий дин сифатида қабул қилган.
Қазиш ишларига гувоҳ бўлган маҳаллий аҳоли вакили Ғиёс Шайх Диаб Associated Press агентлигига берган баёнотида, Асад режими даврида археологик топилма аниқлаган фуқаролар мол-мулкларидан маҳрум этилишидан қўрқиб, бундай топилмаларни яширинча сақлашганини айтди.