- 2019-05-29
Исроилнинг ҳаво мудофаа тизими — Темир қубба — Эрон ракеталарини тўхтатишда муваффақиятсиз бўлди. Тел-Авив, Рамат Ган, Холон ва Беэр-Шева шаҳарларида катта вайрона кузатилди.
Эрон ва Исроил ўртасидаги урушнинг биринчи ҳафтаси ортида қолди, бироқ дипломатик уринишлар ҳали натижа бергани йўқ. Исроилнинг ҳужумларига жавобан Эрон кеча 20 дан ортиқ ракета учирди. “Темир қубба” тизимидан ўта олган айрим ракеталар пойтахт Тел-Авив ҳамда Рамат Ган, Холон ва Беэр-Шева шаҳарларига тўғри келиб, катта зарар етказди. Эрон ОАВ “ҳужумлар давомида Исроил Қўмондонлик ва Разведка Қароргоҳи (IDF C4I) ҳамда ҳарбий қароргоҳ нишонга олинди”, дея маълум қилди. Исроил расмийлари эса “Рамат-Гандаги фонд биржаси биноси ва Беэр-Шевадаги Сорока шифохонаси билан бирга айрим бинолар урилди”, деб баёнот берди.
Уруш бошланганидан буён Эроннинг энг кучли жавоб зарбасида 65 киши яраланди. Ҳужумлардан сўнг Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху армияга “Эронга қарши ҳужумларни кучайтиринг”, деб кўрсатма берди. Бу кўрсатмадан кейин Исроил армияси Эроннинг ғарбига 20 та жанговар учоқ билан янги ҳаво ҳужумлари уюштирганини маълум қилди. 2023 йил 7 октябридан буён Фаластин, Ғазо, Сурия, Ливан ва Яманни бомбалаётган ва 90 га яқин шифохонани нишонга олган Исроилнинг мудофаа вазири Йисраэл Кац: “Бу — ҳарбий жиноят. Эрон етакчиси Ҳоманаий бунга жавоб беради”, — деб таҳдид қилди. Исроилнинг таҳдидларига жавобан Эрон Қўшинлар бош штаби раҳбари генерал Абдурраҳим Мусавий: “Сионист босқинчи режимга тегишли ҳар қандай нишонга тўхтовсиз ва узлуксиз зарбаларни давом эттирамиз. Олдимизда ҳеч қандай чеклов йўқ”, — деди.
Эрон ОАВ маълумотларига кўра, Исроилга қарши қилинган ўн тўртинчи навбатдаги ҳужумлар вақтида асосий нишон — шифохона эмас, балки унинг ёнида жойлашган Исроил армиясининг Қўмондонлик ва Разведка Қароргоҳи (IDF C4I) ҳамда Гав-Ям Технология Паркдаги разведка лагери бўлган. Урилган биноларда Исроил ҳарбийлари, рақамли бошқарув тизимлари ва кибер операция марказлари жойлашгани қайд этилган.
Шу билан бирга, Исроил армияси Эроннинг жавоб зарбалари натижаларини суратга олиш ва оммавий тарқатишни чеклаш учун янги қарорлар қабул қилди. Исроил Армияси Цензура хизмати раҳбари, бригад генерали Коби Мандельблит баёнотига кўра, “армия таъсир кўрсатган ҳудудлар тўғрисидаги ахборот ва тасвирлар юзасидан цензура қўлланмаси янгиланди”. Унга кўра, душман зарбасига учраган жойларга оид суратлар ва видеоматериаллар нашр қилинишида аввал армия цензура бўлимидан рухсат олиниши шарт.
Мандельблитнинг таъкидлашича, бу қарор Исроил матбуоти ҳамда халқаро оммавий ахборот воситаларини ҳам қамраб олади. Унинг айтишича, бу қоидага риоя этмаганлар “давлат хавфсизлигига таҳдид солган” ва “амалий тартиб-қоидаларни бузган” деб баҳоланади. Бу қарор нафақат тасвирга олувчи шахсга, балки нашр қилувчи таҳририят, унинг муҳаррири ва муассасасига ҳам тааллуқли бўлади.