- 2013-02-05
Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги янги молиявий ташкилот — “Коммерция банки БиЭнКей”га расман лицензия берди.
Маълумотда таъкидланишича, ушбу лицензия Президент Қосим-Жомарт Тўқаевнинг Қозоғистонга ишончли хорижий банкларни жалб қилиш ва банклар ўртасида рақобатни кучайтириш бўйича топшириғига мувофиқ амалга оширилган муҳим қадамдир.
Тантанали маросимда Агентлик раҳбари Мадина Абылқосимова BNK Capital раиси Ким Сонг Жуга расмий лицензияни топширди. У янги банк янги банк маҳсулотларини таклиф этиш ва кичик ҳамда ўрта бизнесни фаолроқ кредитлашга хизмат қилишини таъкидлади.
"Коммерция банки БиЭнКей" замонавий рақамли хизматлар, автокредитлар ҳамда кичик ва ўрта бизнесни кредитлашни таклиф этишни режалаштирмоқда.
Аввал бу ташкилот микромолия ташкилоти бўлган, энди эса барча керакли жараёнлардан ўтиб, банк мақомини олди.
Эндиликда банк қуйидаги фаолият турларини амалга ошира олади: компаниялардан омонат қабул қилиш, ҳисоб рақамлар очиш, кредитлар бериш ва валюта операцияларини олиб бориш. Жисмоний шахслар билан ишлаш имконияти эса банк депозитларни кафолатлаш тизимига уланганидан сўнг амалга оширилади.
Рўйхатдан ўтиш вақтида банкнинг активлари 25,8 миллиард тенге, кредит портфели эса 21,8 миллиард тенгени ташкил қилган. 2024 йилда бу кўрсаткичлар билан у микромолия ташкилотлари орасида 15-ўринни эгаллаган.
Янги банк Жанубий Кореянинг BNK Financial Group Inc. молия гуруҳига киради. Ушбу гуруҳнинг умумий активлари 103 миллиард доллардан ортиқ бўлиб, унинг таркибида халқаро рейтингларга эга банклар ва кўплаб филиаллар мавжуд.
«Биз Жанубий Корея тажрибасига таянамиз. Асосий эътиборимизни кичик ва ўрта бизнес вакилларига қаратамиз, улар учун қулай рақамли ечимлар ва қўшма маҳсулотлар таклиф этамиз», – деди BNK Capital раҳбари Ким Сонг Жу.
"Коммерция банки БиЭнКей" Қозоғистондаги ривожланиш режасини қуйидагича белгилаган: аввалги босқичда банкка трансформация жараёнини барқарорлаштириш, бу эса мавжуд бизнес тузилмасини ҳисобга олган ҳолда бозорга самарали чиқишни, рақамли банкчилик учун базавий тизимни яратиш ва хавф-хатарларни бошқариш тизимини шакллантиришни ўз ичига олади. Кейинчалик банк хизматлар доирасини кенгайтириш, автолизинг каби янги йўналишларни ривожлантириш ва рақамли сервисларни кучайтиришни режалаштирмоқда. Охир-оқибат, банк кичик ва ўрта бизнес учун ишончли ҳамкор сифатида танилишни ҳамда бошқа МДҲ мамлакатларида ҳам фаолият юритиш имкониятларини кўриб чиқмоқчи.