- 2016-12-02
Ўзбекистон бош прокуратураси ўзининг расмий сайтида Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Гулнора Каримовага оид баёнот билан хабар эълон қилди. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан 1972 йилда туғилган Гулнора Исломовна Каримовага 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Бош прокуратура хабарига кўра, инсонпарварлик нуқтаи назаридан ҳамда маҳкума жиноий йўл билан орттирилган пул маблағларини қайтариш ва давлатга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятларини ўз зиммасига олганлигини эътиборга олган ҳолда, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2018 йил 1 июлдаги ажрими билан Г.Каримовага тайинланган жазо 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган. Озодликни чеклаш жазосини ўташ жойи этиб маҳкума Г.Каримованинг ўз танловига кўра, қизи Имон Каримованинг яшаш жойи белгиланган.
Шу билан бирга, маҳкума Г.Каримова зиммасига қонунчиликда назарда тутилган қатор чекловлар, шу жумладан, яшаш жойидан чиқиб кетмаслик, алоқа воситаларидан ва Интернетдан фойдаланмаслик ҳамда зарарни қоплаш мажбурияти юклатилган.
Маҳкума Г.Каримовага озодликни чеклаш жазосини ўташдан қасддан бўйин товлаган, шунингдек, суд томонидан юклатилган мажбуриятларни бажармаган тақдирда, суд жазонинг ўталмай қолган муддатини бошқа жазо билан алмаштириши мумкинлиги тушунтирилган.
Лекин маҳкума Г.Каримова жазони ўташ даврида суд томонидан ўрнатилган чекловларни мунтазам равишда бузиб, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаган, дейилади хабарда.
Хусусан, маҳкума Г.Каримова 2018 йил 22 ноябрь куни яшаш жойидан ўзбошимчалик билан чиқиб кетган ҳамда жазони ўташ тартиби ва шартларини бузмаслик ҳақида огоҳлантирилган.
Огоҳлантиришга қарамасдан, Г.Каримова ўзига тегишли хулоса қилмасдан, жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузишда давом этган, хусусан:
мунтазам равишда алоқа воситаларидан, шу жумладан, Интернетдан фойдаланган;
жиноят иши бўйича аниқланган ўзи томонидан етказилган зарарнинг қопланишига фаол тўсқинлик қилган.
Г.Каримова жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузганлиги сабабли жиноят-ижроия қонунчилигига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизматининг тақдимномасига асосан, 2019 йил 5 мартда жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан унга нисбатан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддати озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилиб, умумий тартибли колонияда ўташи белгиланди.
Аввалроқ Ўзбекистон бош прокуратураси Гулнора Каримовага очилган иккита жиноий иш бўйича жами етказилган зарар деярли 2 миллиард долларни ташкил этганини билдирганди. Ўзбекистон ушбу жиноий ишлар доирасида Каримованинг 12 давлатдаги активлари, жумладан Россиядаги 1,5 миллиард долларлик активини суд қарори билан ҳибсга олганди.