- 2014-05-12
АҚШ Президенти Дональд Трамп Хитой билан савдо келишуви имзоланганини, Ҳиндистон билан ҳам "йирик" келишув тузиш имкони борлигини маълум қилди. Шунингдек, у АҚШ Марказий банки (Federal Reserve) раҳбари Жером Пауэллни танқид қилиб, "Бу одам билан курашишимиз керак — у ўз вазифасини бажармаяпти", дея баёнот берди.
Трамп Оқ уйда ўтказилган тадбирда иқтисодий масалаларга тўхталар экан, АҚШ Молия вазири Скотт Бессент, Савдо вазири Ҳовард Лутник ва Савдо вакили Жамисон Грир бошқа давлатлар билан келишувларга эришиш мақсадида тинмай меҳнат қилаётганини таъкидлади. "Ҳар ким АҚШ билан келишув тузишни хоҳлаяпти", деди у.
Президент Трамп бир неча ой аввал оммавий ахборот воситалари томонидан "Ростдан ҳам қизиқиш билдирганлар борми?" деган савол қўйилганини эслаб, шундай деди:
"Кеча Хитой билан келишув имзоладик. Биз ҳар бир давлат билан келишув тузмаймиз. Айримларига фақат мактуб юбориб, 'Катта раҳмат, энди сиз 25, 35 ёки 45 фоизлик бож тўлайсиз', деб жавоб берамиз".
Трамп тузилган келишувларни "ажойиб" деб баҳолар экан, қуйидагича изоҳ берди:
"Балким, Ҳиндистон билан жуда йирик келишув амалга ошади. Биз Ҳиндистон бозорига кириш имконини очамиз. Хитой билан тузилган келишув орқали эса бу мамлакатдаги чекловларни енгиллаштиришни бошламоқдамиз. Илгари мумкин бўлмаган ишлар ҳозирда амалга ошмоқда. Бошқа давлатлар билан муносабатларимиз жуда яхши".
Трамп тарифлар орқали жалб этилаётган инвестициялар ва қурилиши режалаштирилаётган заводлар ҳақида сўзлаб, Texas Instruments компанияси АҚШда 60 миллиард доллар миқдорида маблағ киритишини маълум қилди.
Марказий банк раҳбари Жером Пауэллга нисбатан танқидларини давом эттирган Трамп қуйидагиларни қўшимча қилди:
"Агар Federal Reserve фоиз ставкаларини бироз пасайтиришга қодир раҳбарга эга бўлганида, бу жуда фойдали бўларди. Пауэлл ўз ишини етарлича даражада бажармаяпти — биз у билан курашишимизга тўғри келаяпти".
Президентнинг таъкидлашича, фоиз ставкаларини 2 пунктга пасайтириш орқали 600 миллиард доллар тежаш мумкин. "Фақат бир қарор ва бир имзо билан 1 триллион доллар тежаш мумкин. Дунёдаги энг юқори фоиз ставкаларидан бирига эга эканимиз — ҳақиқатдан ҳам шармандалик. Энг паст фоиз ставкалари бизда бўлиши керак эди", — деди Трамп.