- 2020-02-13
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) ходимлари “Барон” лақаби билан танилган наркокартел раҳбарини ҳамда уюшган жиноий тузилмани молиялаштиришда гумон қилинаётган яна уч нафар гуруҳ аъзосини қўлга олди. Уларнинг барчаси Қамчибек Асанбек (бошқа манбаларда — Камчи Кўлбоев) раҳбарлигидаги жиноий гуруҳ фаолияти билан боғлиқликда айбланмоқда.
МХДҚ маълумотига кўра, олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида жиноий гуруҳ аъзолари: “Барон” лақаби билан танилган Д.Л.К., шунингдек Д.Р.Е., К.Я.К. ва Д.К.Ю. қўлга олинган. Улар МХДҚнинг вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилган.
Тергов давомида аниқланишича, “Барон” лўли оиласи раҳбари сифатида яқин қариндошлари билан биргаликда уюшган жиноий тузилманинг молиявий фаолиятини таъминлаб келган. Шунингдек, махсус хизматларнинг маълум қилишича, у Чўй вилояти орқали Қозоғистон ва Россияга катта ҳажмда гиёҳванд моддаларни ноқонуний ташиш билан шуғулланган.
МХДҚ маълумотига кўра, жиноий даромадлар мўйна маҳсулотлари савдоси орқали ва шунингдек, Германия ҳамда АҚШдан автотранспорт воситаларини импорт қилиш схемалари орқали қонуний кўринишга келтирилган, яъни легаллаштирилган.
Қамчи Кўлбоев гуруҳини молиялаштиришга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш мақсадида жиноий иш доирасида тезкор-тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Маълумот учун: Қамчи Кўлбоев Қирғизистонда уюшган жиноятчилик оламида таниқли шахс бўлган. У 2023 йил 4 октябрь куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган махсус операция давомида йўқ қилинган. Кўлбоев турли жиноятлар — жумладан, гиёҳванд моддалар ва қурол савдоси, товламачилик ҳамда рекет билан боғлиқ фаолияти билан танилган.
Унинг йўқ қилинганидан сўнг, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси жиноий йўллар билан орттирилган, тахминий қиймати 1 миллиард долларга тенг мулкларни оммага намойиш этди. МХДҚ вакилларининг таъкидлашича, бу — Кўлбоев ва унинг атрофидаги шахсларга тааллуқли ноқонуний активларни аниқлаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижасининг фақат бошланғич қисми, холос.