Арманистонда бош епископлар йиғилишига рейд уюштирилди


  • 28 Июнь, 2025
  • 11

Арманистонда хавфсизлик кучлари Арман Апостол черковининг Эчмиадзин шаҳридаги бош қароргоҳида операция ўтказди. Черков етакчиси Католикос Гарегин II бош епископлар билан ўтказаётган йиғилиши пайтида рейд амалга оширилди.

Арман оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, ҳукуматни қўлга киритиш ва конституцион тузумни зўравонлик билан ағдаришга чақиришда айбланаётган Ширак вилояти бош епископи Михаил Ажапахянни қўлга олиш мақсадида черков биноси ўраб олинди.

Операция айнан Католикос Гарегин II бош епископлар ва дин арбоблари билан йиғилиш ўтказаётган пайтда бошланган. Черков олдида хавфсизлик кучлари билан аралашмоқчи бўлган баъзи руҳонийлар ва ватандошлар ўртасида тўқнашув содир бўлди.

Католикос Гарегин II ташқига чиқиб, хавфсизлик кучлари ва норозилар ўртасидаги тарангликни юмшатишга уринди. У Михаил Ажапахян ихтиёрий равишда ҳуқуқ-тартибот органларига топширилишини, жараёнга черковнинг адвокати ҳам ҳамроҳлик қилишини маълум қилди. Орқасиданоқ Ажапахян ҳибсга олинди.

Хавфсизлик хизмати шу билан бирга Ширак бош епископлигида ҳам тинтув ўтказди ва айрим компьютерлар ҳамда ҳужжатларга мусодара қилинди.

Сўнгги пайтларда Арман Апостол черкови билан бош вазир Никол Пашинян бошчилигидаги ҳукумат ўртасидаги зиддият тобора авж олмоқда. Черков Пашинянни Озарбайжонга муаммоли ҳудудлар бўйича имтиёз беришда айбласа, Пашинян черковни "давлат ишларига аралашиш" ва "ҳокимиятни қўлга киритишга уриниш"да айбламоқда.

Пашинян шунингдек, Католикос Гарегин II ўзининг бўйдоқлик қасамини бузиб, фарзандли бўлганини, шу боис у диний етакчи бўлишга ҳақли эмаслигини таъкидламоқда.

Бош вазир Пашинян "жиноий-олигархик рухоний табақа ҳокимиятни ноқонуний йўллар билан эгаллашни режалаштирган", дея баёнот берган эди. Бу доирада Арманистон Миллий Хавфсизлик Хизмати бир қатор ҳибсга олиш амалиётларини амалга оширди.

Ҳокимиятни агдаришни режалаштиришда айбланаётган 15 киши, жумладан бош епископ Баграт Галстанян суд томонидан қамоққа олинган.

Аввалроқ, Арман черкови чақирувига биноан 2024 йил 4 май куни Озарбайжонга қайтарилган Газах вилоятининг 4 та қишлоғи муносабати билан Тавуш ва Ширак вилоятларидан пойтахт Ереванга йўлланган юришлар уюштирилган, мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари ўтказилган эди.

Пашинян ўз истеъфосини талаб қилаётган черковга жавобан, ҳокимиятдаги ўзгариш фақат сайлов орқали амалга ошиши мумкинлигини айтган.


Бошқа мақолалар