Озарбайжон ва Россия ўртасида зиддият кучаймоқда


  • 2 Июль, 2025
  • 20

Бокудаги Sputnik Azerbaijan идорасига ўтказилган рейд ва рус журналистларининг қўлга олиниши Москвада жиддий норозиликка сабаб бўлди. Россия Озарбайжонга нота йўллаб, журналистларни дарҳол озод қилишни талаб қилди. Озарбайжон эса орқага чекинмай, “ички ишларимизга аралашманг”, деб қатъий жавоб берди.

Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин Озарбайжоннинг Москвадаги элчиси Раҳмон Мустафоевга Бокуда қўлга олинган Sputnik Azerbaijan агентлиги ходимларини зудлик билан озод қилишни талаб этувчи нота топширди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги ушбу масала бўйича дипломатик каналлар орқали норозилик билдириб, журналистларнинг ҳибсга олинишини “дўстона муносабатларга зид ҳаракат” сифатида баҳолади. Баёнотда Россия “Озарбайжон томонининг икки томонлама муносабатларга зарар етказувчи онгли қадамлари ва нодўстона ҳаракатлари”га қарши эътироз билдирганини таъкидлади.

Москва, шунингдек, Sputnik Azerbaijan офисига ўтказилган рейдни “рус оммавий ахборот воситаларини йўналтирилган қўпол ва қабул қилиб бўлмайдиган ҳаракат” деб баҳолаб, ҳибсдаги журналистлар — Игорь Картавев ва Евгений Белоусовни озод қилишни талаб қилди.

Бу орқали юзага келган зиддият янада чуқурлашди. Озарбайжон, ўз навбатида, Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ватандошларига қарши ўтказилган полиция операцияси натижасида икки нафар озарбайжонликнинг ҳалок бўлгани сабаб Москвага қатъий нота йўллади ва жиноят иши қўзғатди.

Бокудаги ҳодисалар давомида Озарбайжон ҳукумат органлари Sputnik агентлигининг маҳаллий офисига рейд ўтказиб, уч рус журналистини қўлга олди. Шу билан бирга, мамлакатда барча рус маданий тадбирлари бекор қилинди. Россия эса Озарбайжоннинг Москвадаги элчисига нота топшириб, бундай ҳаракатларни “дўстона муносабатларга тўғри келмайдиган хатти-ҳаракатлар” деб баҳолади.

Озарбайжон Ички ишлар вазирлиги маълум қилишича, Rossiya Segodnya агентлиги Бокудаги бўлимида ўтказилган текширувлар натижасида етти киши қўлга олинган. Улардан икки нафари ҳибсга олинган, қолган беш нафари эса жиноий жавобгарликка тортилаётгани айтилди.

Озарбайжон томони ушбу шахслар гиёҳванд моддалар транзити ва интернет орқали фирибгарликда гумон қилинганини маълум қилди. Тергов “фирибгарлик”, “ноқонуний тадбиркорлик” ва “жиноий даромадларни легаллаштириш” моддалари бўйича олиб борилмоқда.

Озарбайжонлик мутасаддиларнинг сўзларига кўра, Эрондан ноқонуний тарзда олиб кирилган гиёҳванд моддалар, онлайн контрабанда ва киберфирибгарлик билан шуғулланган икки жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилган. Улар орасида турк ватандошлари ҳам борлиги таъкидланди.

Шунингдек, Озарбайжон Бош прокуратураси Екатеринбургда озарбайжонлик ватандошлар Россия полицияси томонидан қийноққа солиниб, иккисининг қасддан ўлдирилгани юзасидан жиноий иш қўзғатилганини эълон қилди.

Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Россия нотасига жавобан билдиришича, Sputnik Azerbaijan идорасига нисбатан амалга оширилган чора-тадбирлар мамлакат ички қонунчилиги ва халқаро мажбуриятларга тўлиқ мос келади.

Баёнотда таъкидланишича, 2024 йил 12 февралда Rossiya Segodnya агентлиги раҳбари Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, унинг фаолияти мамлакат ҳудудида қонуний асосга эга эмаслиги ҳақида расман огоҳлантирилган. Шунга қарамай, агентлик ўз фаолиятини давом эттирган ва ушбу рус журналистларининг аккредитацияси бекор қилинган.

Бундан ташқари, Озарбайжон Россия полициясининг ватандошларга нисбатан қийноқ ва камситувчи муомала қўллаётгани ҳақида кескин норозилик билдирганини қайд этди.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Айҳон Ҳожизоданинг сўзларига кўра, Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг бу каби ҳаракатлари Россия қонунчилиги ва халқаро инсон ҳуқуқларига зиддир. Унинг таъкидлашича, рейдлар фақат ноқонуний фаолиятларни фош этиш мақсадида ўтказилган ва Россиянинг эътирозлари асосга эга эмас.

Шунингдек, Боку, Екатеринбургда содир бўлган воқеалар юзасидан Россияга расман нота йўллаганини, бу воқеаларда инсон қадрини топташ ва қийноқларга йўл қўйилгани ҳақида Россия томонига маълумот берилганини эсга солди.

Айҳон Ҳожизода сўзларига кўра, Россия оммавий ахборот воситаларида этник тоқатсизликни қўзғатувчи материаллар чоп этилаётганидан ҳам жиддий ташвиш билдирилган. Бу эса икки давлат ўртасидаги муносабатлар руҳига зид ҳолат сифатида баҳоланмоқда.


Бошқа мақолалар