- 2024-02-13
АҚШнинг Техас штатида содир бўлган кучли ёмғирлар оқибатида юзага келган сел фалокатида ҳалок бўлганлар сони 80 нафарга етди. Яна 41 киши бедарак йўқолган сифатида қидирилмоқда. Энг оғир оқибатлар дарё бўйида жойлашган қизлар лагерида кузатилди. Расмий маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлардан 28 нафари болалардир.
Керр округи шерифи Ларри Лейта маълум қилишича, вертолётлар ёрдамида 160 дан ортиқ одам қутқарилган, жами 850 киши эвакуация қилинган, улардан 8 нафари жароҳат олган.
Фалокат жума куни тонг отишидан аввал содир бўлди. Гуадалупе дарёси 45 дақиқа ичида 8 метргача кўтарилиб, лагер тўлиқ сув остида қолди. Кўплаб болалар сел вақтида ухлаётган эди. Ҳалок бўлганлар орасида лагерни узоқ йиллар давомида бошқариб келган Ричард “Дик” Истленд ҳам бор.
Селдан уч кун ўтишига қарамай, бугунги кунда Техас тарихидаги энг йирик қутқарув амалиёти асосан жасадларни излаш ишларига айланиб қолди.
Фалокат жойида иш олиб бораётган кўнгиллилар лагер жиҳозлари дарё бўйлаб тахминан 13 километргача оқиб кетганини маълум қилмоқда. Заҳарли илонлар ва лой қутқарув ишларини қийинлаштирмоқда.
Керр округида топилган 28 жасаднинг шахсияти ҳали расман эълон қилинмаган. Расмийлар қурбонлар сони яна ортади, деган хавотирда. 4 июль — Истиқлол куни таътили муносабати билан ушбу ҳудудда бошқа одамлар ҳам бўлган бўлиши мумкин.
Техас губернатори Грег Эбботт селдан кейин ушбу ҳудудга ташриф буюриб, “Бу болаларнинг бошидан ўтган мусибатни ифода этиш учун сўз топиш қийин,” — деди. У йўқолганлар топилгунча барча мавжуд ресурслар сафарбар қилинишига ваъда берди.
Кемп билан Керрвилл шаҳри орасидаги йўл фалокат сабабли ёпилган. Селдан зарар кўрган уйлар атрофи ағдарилган дарахтлар, пароканда буюмлар ва вайрон бўлган инфратузилма билан тўлиб кетган.
Рим папаси Лев XIV якшанба кунги чиқишида Техасдаги сел қурбонлари учун дуо қилди. “Айниқса лагерда қизларини йўқотган оилаларга самимий таъзия билдираман,” — деди у.
АҚШ президенти Дональд Трамп якшанба куни Керр округини “катта офат ҳудуди” деб эълон қилди. Фавқулодда ҳолатлар бўйича федерал агентлик (FEMA) ёрдамларни мувофиқлаштира бошлади. Аэропортда журналистлар билан суҳбатда Трамп Техасга ташрифи ҳақида “Эҳтимол, жума куни,” — деб жавоб берди.
Трамп сел фалокати юзасидан огоҳлантириш етарли эмас эди, деб Миллий об-ҳаво хизмати (NWS)ни айбламаслигини таъкидлади. Шунингдек, лагерда қурбон бўлган болалар учун масъулият юкланаётган ходимларни ҳам айбламаслигини айтди.
У бу каби фалокатлар юз йилда бир марта рўй беради, деб таъкидлади.