- 2013-11-08
Россияда транспорт вазири лавозимидан озод этилган Роман Старовойт ўз жонига қасд қилгани хабар қилинди.
Россия оммавий ахборот воситалари ва Telegram-каналларининг маълум қилишича, Старовойт Москва вилоятининг Одинцово туманида ўзини отиб ўлдирган. Бу ҳақда хабар берган манбалар ўзларининг ишончли маълумотларига таянишган.
Кейинроқ Давлат Думасининг мудофаа қўмитаси раиси Андрей Картаполов ушбу маълумотни RTVI нашрига тасдиқлаган.
Роман Старовойтнинг ўлими ҳақида Тергов қўмитаси ҳам расмий маълумот берди. Унинг жасади шахсий автомобилида, ўқ отиш қуролидан жароҳатланган ҳолда топилган.
Тергов қўмитаси расмий вакили Светлана Петренко бундай деди:
“Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг Москва вилояти бўйича бош бошқармаси ходимлари ҳодиса жойида иш олиб бормоқда. Ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда. Асосий версия — ўз жонига қасд қилиш.”
Старовойтнинг ўлими ҳақидаги хабар президент Владимир Путин томонидан уни вазирлик лавозимидан озод этгани маълум бўлганидан кўп ўтмай тарқалди. Бу қарор мамлакатдаги авиация соҳасида юзага келган муаммолар — 485 та рейснинг бекор қилиниши ва тахминан 2000 та парвознинг кечикиши — фонида қабул қилинган.
Президент томонидан Андрей Никитин транспорт вазири вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.
Роман Старовойт 2024 йил май ойидан бери Россия транспорт вазири лавозимида фаолият юритиб келаётган эди. Ундан аввал, 2018 йил октябридан бошлаб Курск вилояти ҳокими сифатида ишлаган.