- 2022-06-16
Жанубий Кореяда жорий ёз йиллар давомида кузатилган энг қизғин фасллардан бирига айланди. Пойтахт Сеулда ҳарорат рекорди қайд этилди — термометрлар 37,7 даражани кўрсатди. Бу 1908 йилдан буён Сеулда июль ойи бошида кузатилган энг юқори ҳарорат сифатида тарихга кирди.
Иссиқдан жабр кўраётганлар сони эса ортиб бормоқда. Корея Касалликларни назорат қилиш агентлиги маълум қилишича, 15 майдан буён мамлакат бўйлаб 1228 киши иссиқ уриши белгилари билан шифохоналарга мурожаат қилган. Афсуски, улардан 7 нафари ҳаётдан кўз юмган.
Қизиғи шундаки, ўтган йили худди шу даврда иссиқ билан боғлиқ учта ўлим ҳолати қайд этилган эди. Демак, бу йил хавф янада жиддий.
Фақат кеча куннинг ўзида 238 киши шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлган. Мутасаддиларга кўра, бу кўрсаткичлар кейинги кунларда яна ортади, чунки мамлакат ҳали жазирамали кунларнинг энг авж нуқтасига етгани йўқ.
Агентликнинг тарихий маълумотларига қараганда, 2011 йилдан 2024 йилгача Жанубий Кореяда 238 киши иссиқ уриши сабаб ҳалок бўлган.
Маҳаллий аҳоли ва сайёҳларга қуёшнинг энг қаттиқ тажовуз қиладиган соатларида кўчага чиқмаслик, суюқлик истеъмолини ошириш ва эҳтиёт чораларини кўриш тавсия этилмоқда.