Францияда маҳбус чемоданда қамоқдан қочди


  • 14 Июль, 2025
  • 16

Франциянинг Лион шаҳри яқинидаги Корбас қамоқхонасида фильмларга хос воқеа юз берди: 20 ёшли маҳбус хонадошининг озодликка чиқишидан фойдаланиб, чемодани ичига яширинди ва шу тарзда қамоқдан қочиб кетди.

Бу ҳолат мамлакатда “ҳимоя тизимининг шармандали етишмовчилиги” сифатида баҳоланди ва жамоатчилик эътиборини тортди.

Қамоқхона маъмурияти ва прокуратура ушбу воқеа бўйича суриштирув бошлади. Расмий маълумотларга кўра, маҳбус шеригининг чемоданига яшириниб, ҳеч қандай текширувсиз ташқарига чиқиб кетган.

BFMTV телеканали хабар беришича, ушбу маҳбус жума куни қочган ва у нафақат бир нечта жиноятда, балки уюшган жиноятчилик билан боғлиқ ишда ҳам гумонланмоқда.

Қамоқхона маъмурияти томонидан ички хизмат текшируви бошланган, шунингдек Лион прокуратураси томонидан расмий жиноий тергов ўтказилаётгани маълум қилинди.


Бошқа мақолалар