- 2014-06-30
Ҳиндистоннинг Жарханд штатига қарашли Рамгарҳ ҳудудида 42 та филдан иборат
эканлиги айтилган пода қишлоқларга кириб, аҳолига ҳужум қилди ва бир неча соат ичида 4 кишининг ўлимига сабаб бўлди. Пода ҳали ҳам ҳудудда экани билдирилган, воқеа жойига махсус гуруҳлар юборилган.
The New Indian Express газетасининг хабарига кўра, Рамгарҳ ҳудудидаги қишлоқларда ёввойи филлар подасининг кетма-кет ҳужумлари саросимага сабаб бўлди. Илк ҳужум 16 декабрь куни маҳаллий вақт билан кечга яқин содир бўлди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳудуд аҳолиси йўл четида дам олаётган филлар подасига яқинлашиб, улар билан суратга тушмоқчи бўлишган.
Филлардан бири унга жуда яқин келган 33 ёшли эркакни тутиб олган ва босиб ўлдирган. Тун ярмида ўша пода бошқа қишлоққа кирган ва филларнинг баланд овозидан қўрққан одамлар уйларидан қоча бошлашган. Юзага келган тартибсизликда 40 ва 45 ёшли икки аёл филлар оёғи остида қолиб ҳалок бўлди. Кейинроқ филлар ҳужум қилган 35 ёшли мотоцикл ҳайдовчиси ҳам вафот этди.
Пода кирган қишлоқларда жароҳатланганлар борлиги ва уйларга зарар етгани қайд этилди. Ҳудуд расмийлари гуруҳ бўлиб юрган пода 42 та филдан иборат эканлигини маълум қилишди. Пода ҳали ҳам ҳудудда ҳаракатланаётгани, воқеа жойига ҳуқуқ-тартибот органлари жалб этилгани таъкидланди.