Британияда овоз бериш ёши 16 га туширилади


  • 18 Июль, 2025
  • 32

Британия ҳукумати келгуси умумий сайловларда овоз бериш ёшини 18 ёшдан 16 ёшга туширишини маълум қилди. Баёнотда таъкидланишича, бу орқали меҳнат қилиб, солиқ тўлаб, ҳарбий хизмат орқали жамиятга ҳисса қўшаётган ёшларга ўз ҳаётига тааллуқли масалаларда овоз бериш ҳуқуқи берилади.

Ҳукумат томонидан тарқатилган ёзма баёнотда қайд этилишича, демократияни замонавийлаштириш режасининг бир қисми сифатида эндиликда 16 ёшга тўлганлар мамлакатдаги барча сайловларда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу ташаббус ўзгариб бораётган дунёда демократик иштирокни кучайтиришга ва Британия демократиясига бўлган ишончни тиклашга ёрдам беради.

Бош вазир ўринбосари Ангела Рэйнер қуйидагиларни таъкидлади:

«Жамиятда демократияга бўлган ишонч анча вақтдан бери сўнган ва давлат муассасаларига ишонч пасайишга йўл қўйилган. Қатнашишдаги тўсиқларни бартараф этиб, кўпроқ одамнинг Британия демократиясида иштирок этишини таъминлаймиз. Биз ўзгаришлар режамизга содиқ қолган ҳолда, манифестимизда белгиланган 16 ёшдагиларга овоз бериш ҳуқуқини амалга оширамиз.»

Бу режаларга кўра, тахминан 1,5 миллион нафар 16–17 ёшли ёшлар келгуси умумий сайловларда овоз бериш имконига эга бўлади.

Қайд этиш жоизки, Буюк Британия таркибидаги Шотландия ва Уэлсда 16–17 ёшлилар аллақачон овоз бериш ҳуқуқига эга. Бироқ Англия ва Шимолий Ирландияда ҳозирча овоз бериш учун 18 ёш талаб қилинади.

Ҳукумат маълумотларига кўра, ўтган йилги умумий сайловларда қатнашиш даражаси 59,7% бўлиб, бу 2001 йилдан бери қайд этилган энг паст кўрсаткич ҳисобланади.


Бошқа мақолалар