“Шимолий оқим”даги портлаш


  • 28 Август, 2025
  • 43

Германия ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари Россиянинг “Шимолий оқим” ва “Шимолий оқим — 2” газ қувурларини портлатишга алоқадор диверсия гуруҳининг барча аъзоларини аниқлади.

Тергов маълумотларига кўра, ҳужумда етти нафар украиналик иштирок этган: тўрт нафар сув остига тушувчи, бир мина-муттахассиси, “Андромеда” яхтаси капитани ва гуруҳ раҳбари Сергей К., яқинда Италияда қўлга олинган.

Маълум бўлишича, гуруҳнинг еттинчи аъзоси Евгений У. бошқалардан кейинроқ — 2022 йил 19–23 сентябрь оралиғида қўшилган. У аввал “Турк оқими” газ қувурини портлатиш амалиётида иштирок этиши керак эди, аммо бу операция амалга ошмади.

Die Zeit нашри ёзишича, портлашда иштирок этган деб гумон қилинган Всеволод К. 2024 йил охирида фронтда ҳалок бўлган. Қолганлари, эҳтимол, Украинада яширинаётган бўлиши мумкин. Улардан бирини Берлин сўровига кўра Польшада қўлга олишга уринилди, аммо у полиция амалиётидан озгина олдин Украина ҳарбий атташесининг автомобилида Киевга кетиб қолган.

Германия ҳозирча Украинага гумон қилинувчиларни экстрадиция қилиш бўйича ҳуқуқий ёрдам сўраб расмий илтимоснома юбормаган.

Немис ОАВ хабарига кўра, муҳим далил терговчилар қўлига тасодифан тушган: гуруҳнинг автомобили 2022 йил 8 сентябрга ўтар кечаси Рюген оролидаги кузатув камерасига яхтага йўл олаётганда тасвирга тушган.

Эслатиб ўтамиз, “Шимолий оқим — 1” ва “Шимолий оқим — 2” газ қувурларидаги портлашлар 2022 йил 26 сентябрда Балтика денгизи, Борнхольм ороли яқинида содир бўлган. Тўртта сув остидаги газ сизиб чиқиши қайд этилган.

Ҳодисадан сўнг Европада ва АҚШда бу диверсия бўлиши эҳтимолини айтдилар. Россия эса ўзининг алоқадорлигини рад этиб, айбни “дўстона бўлмаган давлатлар”га юклаган. Тергов ишларини Германия, Швеция ва Дания олиб борган.


Бошқа мақолалар