- 2017-05-31
АҚШ Миллий разведка директори Тулси Габбард Россияда хизмат қилаётган яширин CIA агентининг шахсини ошкор қилди. The Wall Street Journal (WSJ) хабарига кўра, Габбарднинг ижтимоий тармоқ X орқали тарқатган ҳужжатларида нафақат собиқ ходимлар, балки ҳозирда фаол хизматда бўлган разведка ходимининг исми ҳам бор эди.
Америка Қўшма Штатлари Миллий разведка директори Тулси Габбард Россияда хизмат қилаётган CIA агентининг шахсини оммага маълум қилди.
WSJ манбаларига таяниб ёзишича, Габбард эълон қилган рўйхатда ҳозирги пайтда фаолият юритаётган яширин разведка ходимининг исми ҳам мавжуд.
Габбард 2025 йил 19 август куни ижтимоий тармоқ X орқали эълон қилган ҳужжатда хавфсизлик рухсатномалари бекор қилинган 37 нафар амалдаги ва собиқ разведка ходимининг исмларини келтирди. Рўйхатдаги кўплаб шахслар 2016 йилги АҚШ президентлик сайловларига Россия аралашуви бўйича тайёрланган ҳисоботларда ишлаган ёки Дональд Трампнинг импичменти учун ёзилган очиқ хатга имзо чекканлар эди.
WSJ билан суҳбатлашган юқори лавозимли манбаларга кўра, Габбард бу қадамни қўйишдан олдин CIA билан ҳеч қандай маслаҳатлашув ўтказмаган. Учта турли манба Габбарднинг офиси рўйхатни CIA билан келишмасдан эълон қилганини тасдиқлади.
CIAнинг собиқ Бош штаби раҳбари Ларри Пфайфер бу ҳолатни қуйидагича баҳолади:
"Ақлли Миллий разведка директори яширин агентни ошкор қилишдан олдин CIA билан маслаҳатлашарди. Бу CIA махфийлик қоидаларини ва халқаро муносабатларни жиддий хавф остига қўйиши мумкин."
Тулси Габбард эса мазкур рўйхатни Дональд Трамп топшириғи билан эълон қилганини билдириб, ундаги шахслар “ишончни суиистеъмол қилгани, махфий маълумотларни сиёсийлаштириб, манипуляция қилгани”ни айтиб ўтди.
Габбард жорий йил июль ойида ҳам тортишувларга сабаб бўлган ҳужжат эълон қилган эди. Унда 2016 йилги сайловларда Россия таъсири ҳақидаги маълумотлар ва яширин разведка усуллари жамоатчиликка ошкор этилгани катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлган.
Шунингдек, у аввалроқ Украина демократияни чеклаётганини айтиб, бунга мисол сифатида черковларни ёпиш ва сайловларни бекор қилиш ҳолатларини келтирганди. Аммо бу иддаолар жамоатчилик ва мутахассислар томонидан қаттиқ танқид қилинган эди.