Испания Трампнинг таҳдидларига жавоб қайтарди


  • 5 Март, 2026
  • 13

Испания бош вазири Педро Санчес АҚШ президенти Дональд Трампнинг таҳдидларига қарамай, ўз позициясида собит қолмоқда ҳамда АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши урушини танқид қилишда давом этмоқда.

Чоршанба, 4 март куни испан миллатига йўллаган телекўрсатувида у Испания Эрон билан давом этаётган ва “инсоният фалокати” га айланаётган урушга қарши эканини билдирди.

Санчес 2003 йилда АҚШ иштирокидаги халқаро коалициянинг Ироққа бостириб киришини назарда тутиб, “ўтмиш хатоларини” такрорламасликка чақирди. Унинг сўзларига кўра, ўша босқин кўзланган мақсадларга эриша олмаган, аксинча, минтақада беқарорликка ва тинч аҳоли ҳаётининг ёмонлашишига олиб келган.

“Испания ҳукуматининг позициясини “урушга йўқ” сўзлари билан ифодалаш мумкин. Биз шунчаки қасосдан қўрққанимиз учун тинчликка зарар етказадиган, қадриятларимиз ва манфаатларимизга зид бўлган ишларда шерик бўлмаймиз. Инсониятнинг катта мусибатлари айнан шундай бошланади”, деди Санчес.

Испания бош вазири миллионлаб одамлар тақдири билан “рус рулеткаси” ўйнамасликка чақирди. Унинг айтишича, бундай позицияни бошқа кўплаб ҳукуматлар ҳамда “янги урушлар ва эртанги кун мавҳумлигини истамайдиган Европа, Шимолий Америка ва Яқин Шарқдаги миллионлаб аҳоли” қўллаб-қувватламоқда.

Еврокомиссия ҳам Мадрид билан бирдам эканини билдирди. Идора вакили Брюссель “Европа Иттифоқи манфаатлари ҳимоясини таъминлашини” маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Еврокомиссия умумий савдо сиёсати доирасида ҳаракат қилишга тайёр. Бундан ташқари, Брюссель АҚШ ўтган ёзда ЕИ билан тузилган савдо келишувига амал қилиши кераклигини эслатиб ўтди.

Франция президенти Эммануэль Макрон ҳам Трампнинг таҳдидлари фонида Санчесни қўллаб-қувватлади. Елисей саройининг маълум қилишича, Макрон Испания бош вазири билан музокара ўтказиб, АҚШ томонидан бўлаётган “иқтисодий мажбурлаш таҳдидлари” қаршисида Франциянинг “европача бирдамлигини” изҳор қилган.

2 март куни Испания ҳукумати АҚШга Эронга ҳужум қилиш учун Рота ва Морон ҳарбий базаларидан фойдаланишга рухсат бермади. Испания Ташқи ишлар вазири Хосе Мануэль Альбарес ушбу объектлардан “АҚШ билан тузилган келишув ва БМТ Низоми доирасидан чиқадиган ҳеч қандай мақсадда” фойдаланилмаслигини таъкидлади.

Бунга жавобан Трамп Испанияни “даҳшатли” иттифоқчи деб атади ва савдо алоқалари узилганини эълон қилиб, “АҚШнинг Испания билан ҳеч қандай умумий томони бўлмайди”, деб баёнот берди.


Бошқа мақолалар