Франция давлат хизматчиларига WhatsApp ва Telegram тақиқланди


  • 2 Сентябрь, 2025
  • 36

Франция ҳукумати барча давлат хизматчилари, шу жумладан вазирларга ҳам WhatsApp ва Telegram каби оммабоп мессенжерлардан фойдаланишни ман этди. Эндиликда мамлакатдаги барча давлат хизматчилари давлат томонидан ишлаб чиқилган хавфсиз хабар алмашиш хизмати — Tchapдан фойдаланиши шарт.

Расмийларга кўра, WhatsApp АҚШ, Telegram эса Россия махсус хизматлари билан боғлиқлиги сабабли улардан воз кечиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Ҳукуматнинг махсус қарорiga кўра, 1 сентябрдан бошлаб барча давлат хизматчилари учун Tchapдан фойдаланиш мажбурий ҳисобланади.

Бош вазир Франсуа Байру ва Бошқармалар ораси рақамли йўналишлар департаменти (Dinum) раҳбарияти Tchap’ни танлаш сабабини профессионал мулоқотда хавфсизликни кучайтириш зарурати билан изоҳлади. Байрунинг таъкидлашича, оммавий хабар алмашиш иловалари “иш муҳити учун тўлиқ хавфсизлик кафолатини бермайди”.

Ҳукумат маълумотларига кўра, ҳозирда 300 мингдан ортиқ давлат хизматчиси Tchap’дан профессионал алоқа учун фойдаланмоқда. Бу хизмат сўзлашувларни тўсиб олиш ва киберҳужумлар хавфини камайтириш орқали давлат муассасаларида ахборот хавфсизлигини таъминлашни мақсад қилади.

2023 йил ноябрида эса собиқ бош вазир Элизабет Борн вазирлар ва ҳукумат аъзоларига француз киберхавфсизлик мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган шифрланган хабар алмашиш хизмати Olvidдан фойдаланишни тавсия этган эди. Айни пайтда Olvid ҳукумат даражасида қўлланиб келинмоқда.

Бош вазирлик WhatsApp ва Telegram каби оммавий иловалардаги эҳтимолий хавфсизлик бўшлиқларига эътибор қаратди. Шу боис давлат хизматчилари профессионал мулоқотда фақат давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган, шифрланган хавфсиз платформалардан фойдаланиши лозимлиги яна бир бор урғуланди.


Бошқа мақолалар