Абдулҳамид хоннинг Ҳижоз темир йўли орзуси


  • 23 Апрель, 2026
  • 17

Кўрфаз минтақасини Туркия орқали Европага боғлайдиган тарихий лойиҳада яна бир муҳим босқич ортда қолди. Саудия Арабистони Транспорт вазири Солиҳ ал-Жосир Туркия, Иордания ва Сурия йўналиши орқали ўтадиган темир йўл лойиҳасида қўшма техник-иқтисодий асослаш ишлари шу йил якунига қадар якунланишини эълон қилди.

Усмонийлар империясининг сўнгги йирик лойиҳаларидан бири бўлган ва Султон Абдулҳамид II томонидан “энг катта орзум” деб таърифланган тарихий Ҳижоз темир йўли бир асрдан кўпроқ вақт ўтиб, замонавий қиёфада қайта жонланмоқда. Истанбулни муқаддас тупроқлар билан боғлашни мақсад қилган, бироқ биринчи Жаҳон уруши ва ундан кейинги парчаланишлар туфайли чала қолган ушбу улкан ғоя Туркия, Сурия, Иордания ва Саудия Арабистонининг қўшма иродаси билан ниҳоясига етказилмоқда.

Саудия Арабистони Транспорт вазири Солиҳ ал-Жосир “Al Arabiya” каналига берган баёнотида лойиҳа бўйича техник тайёргарлик катта тезликда давом этаётганини етказди. Вазир Жосир уч мамлакатни бир-бири билан боғлайдиган ушбу стратегик йўналишнинг қўшма ишлари йил якунидан олдин хулосаланишини ифода этиб, Ар-Риёд раҳбарияти лойиҳага бераётган стратегик аҳамиятни алоҳида таъкидлади.

Туркия Транспорт ва инфратузилма вазири Абдулқодир Уралоғлу “Замонавий Ҳижоз темир йўли” деб атаган лойиҳа нафақат мамлакатларни, балки қитъаларни бир-бирига боғлайдиган савдо йўлаги вазифасини ўтайди.

Лойиҳа шарофати билан Иорданиядан чиққан тижорий юкларнинг Сурия орқали Туркияга, у ердан эса Европа ва Марказий Осиё бозорларига узлуксиз етиб бориши мақсад қилинган. Шу тариқа, Қизил денгизнинг логистик қувватини тўғридан-тўғри Ўрта ер денгизи ва Европа портларига боғлаб, глобал савдо харитасини қайта шакллантиради.

Вазир Уралоғлунинг Иорданияга ташрифи чоғида тафсилотлари билан ўртоқлашган режасига кўра, йўналиш фақат уч мамлакат билан чекланиб қолмайди. Келгуси жараёнда Саудия Арабистонининг ички ҳудудлари орқали ўтиб, Уммонгача узайтирилиши кўзда тутилган темир йўл тармоғи Ўрта Шарқнинг энг кенг қамровли ва замонавий логистика инфратузилмасига айланади.

Ҳижоз темир йўли геополитик жиҳатдан ҳам Усмонийлар империяси учун муҳим лойиҳа эди. Профессор Ўзюксал Абдулҳамиднинг Онадўлу, Бағдод ва Ҳижоз темир йўл лойиҳаларига стратегик аҳамият берганини шундай тушунтирган эди:

“Ҳижоз темир йўли, айниқса, Маондан Ақаба қўлтиғигача тармоқ тортилиши мумкин бўлган тақдирда, Мисрдаги инглиз ҳокимлигининг Усмоний/Германия иттифоқи томонидан жиддий равишда таҳдид остига олинишини англатар эди”.


Бошқа мақолалар