- 2013-07-02
Америка Қўшма Штатларининг Нью-Йорк шаҳридаги Манҳэттен марказида жойлашган осмонўпар биносида қуролли ҳужум рўй берди. AR-15 турдаги автомат қуроли билан қуролланган шахс томонидан амалга оширилган ҳужумда беш киши, жумладан бир полиция ходими ҳалок бўлди.
Ҳодиса ортидан Нью-Йорк шаҳар мэри Эрик Адамс ватандошларни ҳудуддан узоқлашишга чақирди. ФБРнинг директори ўринбосари Дэн Бонгино эса ижтимоий тармоқдаги баёнотида ФБР ходимлари ҳодиса жойига ёрдам учун етиб борганини маълум қилди.
Нью-Йорк полицияси (NYPD) томонидан билдирилишича, отишмада полициячи ва тўрт нафар тинч аҳоли вакили қурбон бўлди. Полиция комиссари Жессика Тиш ҳодиса жойи назоратга олинганини ва ҳужумчининг якка ҳолда ҳаракат қилганини ҳамда зарарсизлантирилганини маълум қилди.
Маълумотларга кўра, ҳужумчи — Лас-Вегасда рўйхатдан ўтган 27 ёшли Шейн Девон Тамура бўлиб, у ҳужумдан кейин Парк кўчасидаги бинолардан бирининг 33-қаватида ўз жонига қасд қилган. Унинг ҳужум мотиви ҳозирча аниқ эмас. Полиция ҳозирча бу воқеанинг террорчиликка алоқаси йўқ деб ҳисобламоқда.
Текширув чоғида ҳужумчининг машинасидан қурол қутиси, ўқ-дорилар, қуроллар, дорилар ва шахсий буюмлар топилди. Портловчи моддалар аниқланмади.
Қурбонлар орасида 36 ёшли, икки фарзанди бор, яна бир фарзанд кутаётган бангладешлик полициячи Дидарул Ислом ҳам бор. У махсус хавфсизлик хизмати доирасида мазкур бинода ишлаган. Қолган қурбонлардан бири лифт ҳудудидаги қўриқчи, бири бинога кираётган шахс, яна бири 33-қаватда ўлик ҳолда топилган аёл экани айтилмоқда.
Ҳужум содир бўлган 345 Парк Авеню манзилида Blackstone сармоя компаниясининг бош офиси, шунингдек NFL, Bank of America ва KPMG компанияларининг ҳам офислари жойлашган. Аммо ҳужум қайси ташкилот ёки шахсга қаратилгани ҳали аниқ эмас.