- 2018-12-19
Қозоғистондаги Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги қайта тузилиб, Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлигига айлантирилди. Мазкур фармонни давлат раҳбари имзолади.
Ҳужжат матнида шундай дейилади:
"Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлигини қайта ташкил этиб, уни Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлигига айлантирилсин ҳамда инновацион фаолиятга оид ваколат ва вазифаларни Олий таълим ва фан вазирлигига топширилсин”.
Янги Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги, шунингдек, Олий таълим ва фан вазирлиги ўз ваколатига кўра Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлигининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
Ҳукуматга қонунчиликка мувофиқ давлат органлари ва уларга қарашли ташкилотлардаги ходимлар сонини қайта тақсимлаш, шунингдек, фармонни амалга ошириш учун зарур чораларни кўриш топширилди.
Фармон 2025 йил 18 сентябридан кучга кирди. Уни ижро этиш назорати Президент Администрациясига юклатилди.
Эслатиб ўтамиз, 8 сентябрь куни халққа мурожаатнома билан чиқиш қилган Қосим Жўмарт Тўқаев рақамли кодекс тўғрисидаги қонунни тезлаштириб қабул қилиш зарурлигини таъкидлаган ва амалдаги вазирлик асосида Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлигини тузиш вақти келганини билдирган эди.
Шунингдек, маълум бўлишича, Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги ўзининг бир қисми ваколатларидан воз кечади. Хусусан, инновацион сиёсатга оид вазифалар Олий таълим ва фан вазирлигига топширилади.