Фаластинни 4 та давлат тан олди, яна 6 давлат навбатда


  • 22 Сентябрь, 2025
  • 32

БМТ Бош Ассамблеяси олдидан Канада, Австралия, Португалия ва Британиядан баёнот келди ва Фаластинни тан олган давлатлар сони 151 тага етди. Франция билан бир қаторда яна 6 давлатнинг тан олиш қарори кутилмоқда.

Ҳар йили дунёнинг етакчи раҳбарларини АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида йиғадиган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеяси йиғилиши бу йил алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бугундан бошлаб етакчилар Нью-Йоркдаги БМТ Бош қароргоҳида муҳим Ассамблея ҳафтаси учун йиғилади.

Исроилнинг Ғазога қарши икки йилдан бери тўхтовсиз олиб бораётган ҳужумлари давом этаётган бир пайтда, Бош Ассамблея Фаластиннинг давлат сифатида тан олиниш курашида муҳим нутқ ва музокараларга гувоҳ бўлади. Хусусан, Европанинг етакчи давлатларидан Фаластинни тан олиши Исроилни халқаро майдонда қийин аҳволга солиб қўяди.

Ассамблея олдидан Канада, Австралия, Португалия ва Британиядан баёнот берилди ва Фаластинни тан олган давлатлар сони 151 тага етди. Бугун Франция президенти Эммануэль Макрон ҳам тан олиш қарорини эълон қилиши кутилмоқда. Яқин вақт ичида Бельгия, Люксембург, Мальта, Андорра ва Сан-Марино ҳам Фаластинни тан олиши тахмин қилинмоқда.

Британия Бош вазири Кейр Стармер тинчлик умидини ва икки давлатли ечимни қайта жонлантириш учун Фаластин давлатини расман тан олганини айтиб, “Яқин Шарқда кучайиб бораётган даҳшат олдида тинчлик ва икки давлатли ечим имкониятини сақлаб қолиш учун ҳаракатга ўтяпмиз”, деди. Фаластинни тан олиш қарорларидан кейин ғазабга тўлган Нетаняху эса Ғарб соҳилини аннексия қилиш билан таҳдид солди.

Британия “Фаластин давлатини” тан олган биринчи G-7 ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси бўлди. Франция ҳам тан олгандан кейин, Хавфсизлик Кенгашининг 5 доимий аъзоси ичида Фаластинни тан олмаган ягона давлат АҚШ бўлиб қолади. “Тан олиш” қарори Фаластиннинг 1967 йилгача бўлган Ғарб соҳили, Ғазо ва Шарқий Қуддусни ўз ичига олган чегараларидаги суверенитети ва мустақиллигини қабул қилишни англатади. Бу жараён Фаластиннинг дипломатик нуфузини ошириши ва Исроилга қарши халқаро босимни кучайтириши кутилмоқда. Исроилнинг Ғазодаги қатлиомларидан кейин Испания, Норвегия, Исландия ва Словения ўтган йили Фаластинни давлат сифатида тан олган эди.

Ўтган ҳафта БМТ Бош Ассамблеяси “Фаластин масаласининг тинч йўл билан ечилши ва икки давлатли ечимни амалга оширишга оид Нью-Йорк декларацияси”ни қабул қилди. АҚШ ҳам жумладан 10 давлат “қарши” овоз берган бўлса, 142 давлат “маъқул” овоз берди. Бу натижа Вашингтон-Тель-Авив блокининг Ғазодаги урушда янада ёлғизланиб қолганини кўрсатмоқда, деб баҳоланди.

Фаластиннинг давлат сифатида тан олиниши фақат рамзий эмас, балки амалий натижалар ҳам беради. Бу билан Фаластиннинг халқаро ташкилотларга тўлақонли аъзо бўлиш, халқаро судларда ҳақ талаб қилиш ва дипломатик муносабатлар ўрнатиш имкониятлари кучаяди. Фаластиннинг Халқаро Жиноят Судига аъзо бўлиши Исроилга қарши ҳуқуқий чоралар кўришини таъминлайди.

Туркия 1988 йил 15 ноябрда мустақиллигини эълон қилган Фаластинни шу куниёқ тан олган эди.


Бошқа мақолалар