Эквадорни остин-устун қилган исён


  • 12 Январь, 2024
  • 84

Эквадорда ниқоб таққан ва қурол кўтарган жиноятчилар телеканал студиясини эгаллаб олишди. Бу жараён 15 дақиқа давомида бутун мамлакат бўйлаб жонли эфирда намойиш этилди. Ҳужум қилганлар «мафия билан ўйнашиб бўлмаслиги»ни айтишди.

Қуролланган шахслар 9 январ куни Эквадорнинг йирик порт шаҳри бўлмиш Гуаякилда TC Television телеканали студиясини эгаллаб олди. Бўлаётган ишлар бутун мамлакат бўйлаб намойиш этиладиган телеканал жонли эфирида кетган, дея хабар беради Associated Press. Кундузги янгиликлар эфирга кетишни бошлаганда ниқоб таққан, тўппонча ва узун стволли қурол кўтарган шахслар студияга бостириб кирган. Телеканал ходимларидан бири Леонардо Флорес Морено Reuters агентлиги билан суҳбатда айтишича, жиноятчилар телеканал офисига портловчи қурилма ўрнатишган. Бир неча ходимлар гаровга олинган ва турли жойларда ушлаб турилган, дея хабар берган Эквадордаги El Universo газетаси полицияга таяниб.

TC эфирида кўрсатилган кадрларга қараганда, жиноятчилар телеканал ходимларига қурол ўқталган ҳолда таҳдид қилиб, полга ётишни буюрган, журналистлардан бирининг кийими чўнтагига портловчи модда солиб қўйилган. Ҳужум қилганлар бир неча бор шундай деб такрорлашган: «Ҳеч қандай полиция йўқ!» Телеканал эфирида чинқириш ва ўқ овозлари эшитилиб турган. «Биз эфирдамиз, шунинг учун билиб қўйинглар, мафия билан ўйнашиш керак эмас», — дея ҳужум қилганлардан бирининг сўзларини келтирган AP. Жиноятчилар эфирда пайдо бўлганидан тахминан 15-20 дақиқа ўтиб телеканал трансляцияси узилган.

Гаровдагиларнинг барчаси озод этилган, телеканалга ҳужум вақтида қурбон бўлганлар йўқ. Жиноятчилар бино атрофига полициячилар етиб келганида студияни тарк этишга киришган, деб хабар берган AP мухбирига телеканалнинг янгиликлар бўлими раҳбари Алине Манрике. Полициячилар ҳужумда иштирок этганлардан 13 нафарини қўлга олган. Уларнинг ёнидан портловчи моддалар, иккита тўппонча ва бошқа қуроллар топилган. Телеканал қаторида бошқа нашрларнинг офислари ҳам жойлашган бинодан 40 нафарга яқин киши эвакуация қилинган.

9 январ куни кечқурун TC телеканали эфирга қайтган. Кечки янгиликлар бошловчиси жиноят жойида терговчилар иш олиб бораётгани ва далилларни йиғаётгани ҳақида маълум қилган. Ҳужум оқибатида телеканал операторини оёғига ўқ узиб яралашган, бошқа бир ходимнинг қўли синдирилган.

Қўлга олинганларнинг барчаси — 16 дан 25 ёшгача бўлиб, улар аввал жиноий жавобгарликка тортилмаган. Қўлга олинганлар орасида — вояга етмаган икки шахс ҳамда Венесуэланинг бир фуқароси бор. Қўлга олинганларнинг барчасига терроризм бўйича айблов эълон қилинган, уларга 13 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси таҳдид солмоқда.

8 январ куни кечқурундан буён бутун Эквадор бўйлаб ҳужумлар серияси рўй берган. Мамлакат пойтахти Китода, Мачала шаҳрида ва Лос-Риос провинциясидаги учта алоҳида ҳолатда жиноятчилар жами етти нафар полициячини ўғирлашган. Мачалада 9 январ куни кечқурунга келиб уч нафар полициячи озод этилган.

Расмийларга кўра, бир қанча жойларда — Эсмералдас ва Лос-Риос провинцияларида, Кито, Куэнка ва Гуаякил шаҳарларида портлашлар рўй берган. Бундан ташқари, ОАВ маълумотига кўра, Лоха ва Мачала шаҳарларида портлаш овозлари эшитилган. Ҳукумат портлашларга нима сабаб бўлганига аниқлик киритмаган, бу ҳолатлар учун жавобгарликни ҳеч ким зиммасига олмаган. Гуаякил маъмурияти шаҳардаги бешта шифохона «эгаллаб олингани» ҳақида хабар берганди, аммо кўп ўтмай, полиция ва ҳарбийлар шаҳарда тартибни тиклади; у ерда айнан нималар бўлгани аниқ эмас. Шунингдек, жиноятчилар Гуаякил университетига бостириб киргани тўғрисида маълумот бор, аммо олий таълим муассасаси буни инкор этган.

9 январнинг иккинчи ярмида полициячилар TC телеканали қўлга олинишига ўхшаш 29 та жиноий ҳолатларни қайд этган. Расмий маълумотларга кўра, кун давомида ҳужумлар оқибатида саккиз киши ҳалок бўлиб, икки киши яраланган, шунингдек икки жиноятчи ўлдирилиб, 14 нафари қўлга олинган.

Эквадор президенти Даниэл Нобоа телеканал эгаллаб олинганидан кейин мамлакатда «ички қуролли можаро» режимини эълон қилганди. 2023 йил ноябрида ҳокимиятга келган Нобоа мамлакатдаги 22 та уюшган жиноий гуруҳлар террорчилик ташкилотлари деб эълон қилинган фармонини имзолаган. 9 январ куни кечқурун Нобоа ҳуқуқ-тартибот органлари ва қуролли кучлар раҳбарлари билан учрашув ўтказди. «Биз террорчи гуруҳларга мамлакатдаги тинчликни бузишга йўл қўймаймиз», — дея ёзган ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида президент йиғилишдан кейин. Ўзи эса омма қаршисида чиқиш қилмаган.

Ҳукумат бу ҳужумларни президентнинг Эквадордаги жиноий тўдалар етакчилари учун қаттиқ қўриқланадиган алоҳида қамоқхона қуриш режасига жавоб сифатида кўрмоқда. Эквадор қуролли кучлари бирлашган қўмондонлиги раҳбари, адмирал Хайме Веланинг ҳисоблашича, ҳукуматнинг қароридан кейин жиноий гуруҳлар «аҳолини қўрқитиш мақсадида зўравонликлар тўлқинини кўтарган». Хайме Вела террорчи деб эълон қилинган барча жиноий гуруҳлар ҳарбийлар нишонида эканини қўшимча қилган.

Президент 8 январ куни Эквадорда 60 кун муддатга фавқулодда ҳолат режимини эълон қилганди. Бу қамоқхоналардаги тартибсизликлар ва «Лос Чонерос» гуруҳи раҳбари Адолфо Масиаснинг қочиб кетишидан кейин бўлганди. Мамлакатдаги бир қанча қамоқхоналардаги тартибсизликлардан кейин маҳбуслар ўз назоратчиларини гаровга олишган. Эквадор қамоқхоналари бошқармаси хизмати (SNAI) сўнгги кунларда гаровга олинган қўриқчилардан 11 нафарини озод этишга муваффақ бўлингани, аммо қўриқчилар ва маъмурият ходимларидан иборат яна 139 киши ҳамон гаровда қолаётганини маълум қилган.

Фито лақаби билан танилган Адолфо Масиас — мамлакатдаги энг хавфли гуруҳлардан бири бўлмиш «Лос Чонерос»нинг етакчиси бўлиб, Гуаякилдаги Литорал қамоқхонасидан қочиб кетган. У уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддалар савдоси ва қотилликда айбланиб, 2011 йилдан буён узоқ муддатли қамоқ жазосини (турли маълумотларга кўра, 34 ёки 36 йил) ўтаётганди. 44 ёшда бўлган Адолфо Масиас 7 январ куни ўз камерасидан ғойиб бўлган, ўшанда ҳарбийлар уни қатъий тартибли қамоқхонага олиб кетиш учун борганди. Уч мингдан ошиқ ходимлар Масиасни қидириб, қамоқхона ҳудудини текшириб чиқишади, аммо уни топа олишмайди. «Лос Чонерос» етакчиси ҳозирда қаердалиги номаълум бўлиб қолмоқда. Масиас Литорал қамоқхонасидан қочиб кетгани ёки ҳамон ўша ерда яшириниб ётгани охиригача аниқ эмас. Қўриқчилардан икки нафари «Лос Чонерос» раҳбарининг қочиб кетишига алоқадорликда гумонланмоқда.

Фавқулодда ҳолат режими эълон қилинганидан кўп вақт ўтмай Эквадордаги яна бир йирик жиноий тўдалардан бирининг раҳбари ҳам қамоқхонадан қочиб кетгани маълум бўлди. Риобамбедаги қамоқхонадан қочган маҳбуслар гуруҳи орасида «Лос-Лобос»нинг Капитан Пико лақабли етакчиси Фабрисио Колон Пико ҳам бўлган. SNAI Колон Пико ҳақидаги маълумотни тасдиқлаган — у қамоқхонадаги исён чоғида қочиб қолган. Прокуратура маълумотига кўра, жами 39 маҳбус қочиб кетган, ҳозирда уларнинг 17 нафари қўлга олинган.

Эквадордаги тартибсизликлар туфайли Перу ҳукумати чегара ҳудудида фавқулодда ҳолат эълон қилди ва чегарага қўшимча кучлар юборди. Бразилия, Колумбия ва Чили Эквадор ҳукуматини қўллаб-қувватлашини билдирган. Қўшнилар эквадорликлар тартибсизлик ва қонунсизликдан қочиб, чегарани бузиб ўтишидан хавотирланмоқда.

Эквадордаги ҳужумлар — зўравонлик жиноятларининг навбатдаги чўққиси бўлди, дейди Associated Press билан суҳбатда Америка халқаро муносабатлар кенгаши сиёсатшуноси Уилл Фриман. «Бу бурилиш нуқтаси», — деб ҳисоблайди у. Эквадордаги жиноий гуруҳлар гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланади, бу эса уларни Колумбия ва Мексикадаги картеллар билан боғлайди. AP агентлиги қайд этишича, зўравонликлар авж олиши 2021 йил февралида қамоқхоналардаги тартибсизликлар билан бошланган (ўшанда 460 дан ортиқ киши ҳалок бўлган) ва 2023 йил августида, Китода мамлакат президентлигига номзод Фернандо Вилявисенсио отиб кетилганида янги даражага чиққан. Эквадор расмийлари зўравонлик авж олишини гуруҳлар ўртасида қамоқхоналар назорати учун кураш кетаётгани билан боғлайди. Расмийларга кўра, Эквадорда 2018–2022 йилларда қотилликлар сони тўрт баробар ошиб кетган. 2023 йилда эса 8008 киши зўравонликлар қурбони бўлган.

Британиянинг Financial Times газетаси ёзишича, Эквадорда сўллар вакили Рафаэле Корреа президентлик қилган 2007–2017 йилларда мафия гуллаб-яшнаган. Унинг бошқаруви вақтида ҳукумат Эквадор портлари орқали Тинч океанига гиёҳвандлик моддалари олиб ўтилишига кўз юмди ва асосий эътиборини мамлакат ичкарисида зўравонлик жиноятларини камайтиришга қаратди. Аммо наркотрафик бандитизмга йўл очди ва Корреанинг ворислари юзга келган вазиятни ўнглай олишмаяпти.

kun.uz дан олинди.


Бошқа мақолалар