Афғонистонда кейинги буйруққа қадар барча алоқа узилди


  • 30 Сентябрь, 2025
  • 27

Афғонистонда кенг кўламли алоқа узилиши содир бўлиб, мамлакат деярли қоронғиликка чўмди. Хабар берилишича, бу узилиш кейинги буйруққа қадар давом этади.

Киберхавфсизлик ва интернет назорати билан шуғулланувчи Netblocks ташкилоти маълум қилишича, “телефон хизмати асосан интернет орқали йўналтирилгани учун, оптик толали тармоқлар ўчирилиши мобил ва стационар телефон хизматларини ҳам тўхтатмоқда”.

Афғонистон бўйлаб йирик миқёсли алоқа узилиши қайд этилди. Бу ҳолат “беҳаёликнинг олдини олиш” баҳонаси билан толибон амалдорлари бир неча ҳафтадан бери кўплаб вилоятларда оптик тола алоқаларини узиб келаётганидан кейин юзага чиқди.

Netblocks қўшимча қилиб, мамлакат бўйича телекомуникация узилиши кучга кирганини, миллий алоқа даражаси одатий кўрсаткичларнинг фақат 14 фоизига тушиб қолганини ва бу қасддан амалга оширилган узилиш эканини таъкидлади.

Толибон ҳокимияти ой бошида интернетга кириш имконини чеклаб, айрим ҳудудларда юқори тезликдаги интернетни амалда ўчирганди. Сўнгги ҳафталарда интернет жуда секин ёки узилишлар билан ишлаган.

16 сентябрда Балх вилояти матбуот котиби Аттауллаҳ Зайд ҳудудий раҳбар кўрсатмасига кўра шимолий вилоятда оптик толали интернет тўлиқ тақиқланганини эълон қилиб, ижтимоий тармоқларда:

“Бу чора беҳаёликнинг олдини олиш мақсадида кўрилди. Мамлакат бўйлаб алтернатив алоқа имкониятлари ишга туширилади”, — деган эди.

Ўша даврда AFP мухбирлари Бадахшон ва Тоҳар, шунингдек жанубдаги Қандаҳор, Ҳилмонд, Нангарҳор ва Урузгон вилоятларида ҳам шундай чекловлар жорий этилганини хабар қилган.

2024 йилда Кобул ҳокимияти 9 350 км узунликдаги оптик толали тармоқни мамлакатни дунёга яқинлаштириш ва қашшоқликдан чиқариш учун “устувор” лойиҳа сифатида тақдим этган эди.

Толибон эса 2021 йилда ҳокимиятни қайта қўлга киритганидан бери ўзларининг исломий талқинларига кўра кўплаб интернет ва алоқа чекловларини жорий этиб келмоқда.


Бошқа мақолалар