- 2018-11-10
Марокаш сўнгги йиллардаги энг йирик норозилик намойишларига гувоҳ бўлмоқда. “Интернет чекловлари”га қарши бошланган ҳаракатлар мамлакатда деярли ички уруш манзараларини эсга солмоқда. Хукумат, хавфсизлик кучлари намойишлар вақтида уч кишини ўлдирганидан сўнг, ёшлар етакчилигидаги норозиликларнинг асосий сабабларини кўриб чиқишини маълум қилди.
“Интернет чекловлари”га қаратилган ва ёшлар ташаббуси билан ташкил этилган намойишлар Марокашдаги сўнгги йилларнинг энг йирик норозилик ҳаракатларидан бирига айланди.
ABC News’нинг ёзишича, Марокаш Бош вазири Азиз Ахханнуч ҳалок бўлганлар учун мотам тутганини билдириб, хавфсизлик кучларининг тартибни таъминлаш ҳаракатларини мақтади ва намойишчиларнинг соғлиқ ва таълимга оид талабларига ижобий жавоб беришга тайёрлигини айтди.
Ҳукумат йиғилишида ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот бермаган Ахханнуч: “Муаммоларни ҳал қилишда ягона йўл — мулоқот ва муҳокама”, — дея таъкидлади. Ички ишлар вазирлиги маълумотича, намойишлар вақтида уч киши ҳалок бўлган, 354 киши яраланган ва 23 вилоятда давлат бинолари, банклар ҳамда машиналарга зарар етган. Вазирликнинг айтишича, намойишчиларнинг тахминан 70 фоизи вояга етмаганлар.
Ёш интернет фойдаланувчилари ташаббуси билан раҳбарсиз ташкил этилган “Z авлоди” ҳаракати ҳукуматнинг коррупциясини ва инфратузилмадаги устувор йўналишларни танқид қилмоқда. Намойишчилар 2030 йилги Жаҳон чемпионатига тайёргарлик учун миллиардлаб сарфланаётгани, аммо мактаблар ва шифохоналар етарли эмаслигини таъкидлашмоқда.
Намойишлар айниқса шарқ ва жанубий ҳудудларда кучайиб, тош отиш ва автомобилларни ёқиб юбориш ҳолатлари кузатилди.
Марокаш Инсон ҳуқуқлари уюшмаси маълумотича, мингдан ортиқ киши қўлга олинган. Намойишлар соғлиқ ва таълимдаги тенгсизликлар, минтақавий фарқлар ва ёшлар ишсизлиги каби муаммоларни кун тартибига олиб чиқди.
Расмийлар эса Жаҳон чемпионати учун харажатлар давлат инфратузилмасини ривожлантириш устувор йўналишларининг ўрнини босмаганини, соғлиқ соҳасидаги муаммолар эса аввалги ҳукуматлардан мерос бўлиб қолганини таъкидлашди.