Илон Маск янги мессенжер пайдо бўлишини эълон қилди


  • 3 Ноябрь, 2025
  • 63

Илон Маск навбатдаги бор Жо Роганнинг подкастига меҳмон бўлди. Суҳбат чоғида у X компанияси X Chat номли алоҳида хабар алмашиш иловаси устида ишлаётганини маълум қилди.

Маскнинг сўзларига кўра, мессенжер биткоин (Bitcoin) да қўлланиладиган тизимга ўхшаш шифрлаш тизимидан фойдаланади. Илованинг ишга туширилиши яқин ойларда кутилмоқда.

"X (собиқ Twitter) да биз бутун хабар алмашиш тизимини тўлиқ қайта туздик – энди у X Chat деб номланади. Биз фойдаланувчилар ўртасидаги тўғридан-тўғри алмашинувга асосланган (peer-to-peer) шифрлаш тизимидан фойдаланамиз, бу биткоинникига бироз ўхшайди. Бу жуда ишончли шифрлаш, биз уни синчиклаб текширмоқдамиз", – деди Маск.

У шунингдек, X Chat фойдаланувчи маълумотларини йиғмаслиги ёки реклама берувчиларга узатмаслигини билдирди.

Маск рақобатчиларни, хусусан WhatsApp'ни, нишонли реклама кўрсатиш учун ёзишмаларни таҳлил қилгани учун танқид қилди. Агар илова рекламада нимани кўрсатишни билса, демак у сиз нима ҳақида ёзаётганингизни билади ва бу маълумот хакерлар томонидан ҳам ишлатилиши мумкин, дея қайд этди у.

Аввалроқ Илон Маск "Википедия"га қарши чиқиб, Grokipedia'ни ишга туширгани ҳақида ёзган эдик. Ҳозирги вақтда сайт 0.1 версиясида ишламоқда. Асосий саҳифада кутубхонада 885 279 та мақола борлиги кўрсатилган, "Википедия"да эса бу рақам 8 миллиондан ортиқ.


Бошқа мақолалар