Ерга ташланган сигарет қолдиғи учун рекорд даражадаги жарима


  • 17 Ноябрь, 2025
  • 17

Берлин Сенати атроф-муҳит ифлосланишига қарши кураш доирасида кўчаларга ташланган сигарет қолдиқларидан тортиб, йирик ҳажмли чиқиндиларгача бўлган кўплаб қоидабузарликлар учун жарима миқдорларини рекорд даражада оширди. Натижада, Берлинда ерга сигарет қолдиғи ташлаш жаримаси 80–120 евродан 250 евродан 3 минг еврогача кўтарилди.

Германия пойтахти Берлинда атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олишга қаратилган янги чоралар қабул қилинди. Сенат кундалик ҳаётнинг кўплаб соҳаларини қамраб олган ва қоидабузарликларга қўлланиладиган жазоларни белгиловчи янгиланган жарималар каталогини тасдиқлади.

Эълон қилинган қарорга кўра, Берлинда яшовчилар ва шаҳарга ташриф буюрувчилар учун белгиланган пул жарималари сезиларли даражада оширилди.

Сигарет қолдиғи учун жарима: Қарорга биноан, Берлин бўйлаб ерга сигарет қолдиғини ташлаш жаримаси 80–120 евродан 250 евродан 3 000 еврогача кўтарилди. Бироқ, бу қоидабузарликни содир этган шахснинг тақиқдан хабари бўлмаса ёки шаҳар жамоат тартиби ходимларининг ихтиёрига кўра, биринчи босқичда 55 евролик огоҳлантириш жаримаси ҳам берилиши мумкин.

Сенат тасдиқлаган жарималар каталогига кўра:

Пластик пакетлар, бир марталик картон стаканлар, шарбат қутилари ёки сақичларни ерга ташлаш жаримаси 250 евродан 500 еврогача кўтарилди.

Қоидабузарлик ҳолатида, масъулларнинг қарорига кўра, 55 евролик огоҳлантириш жаримаси қўлланилиши мумкин. Аммо, шаҳар кўчаларининг ифлосланишида жиноятнинг даражаси ва кўлами каби сабабларга кўра бериладиган пул жаримаси 5 000 еврогача етиши мумкин.

Шиша идишлар, шиша синиқлари, мих, темир-терсаклар каби қайта ишланиши ва йўқ қилиниши қийин бўлган чиқиндиларни шаҳар кўчаларига ёки жамоат жойларига ташлаш жаримасининг юқори чегараси 800 еврога оширилди.

Сигарет қутилари, қоғоз парчалари ёки мева пўстлоқларини ерга ташлаганларга 30 евродан 40 еврогача огоҳлантириш жаримаси берилади. Лекин бу ҳолатда ҳам жиноят кўламига қараб пул жаримаси 100 еврогача кўтарилиши мумкин.

Энг юқори жарималар (Йирик ҳажмли чиқиндилар)

Берлин Сенатининг шаҳар кўчаларида ифлосланишнинг олдини олиш мақсадида қабул қилган янги жазо тизимида энг юқори жарималар йирик ҳажмли чиқиндиларни қамраб олади.

Қурилиш чиқиндиларини ноқонуний равишда ташлаганлар ёки хавфли чиқиндиларни меъёрларга зид равишда утилизация қилганларга бериладиган пул жаримаси 100 минг еврога чиқарилди.

Йўл ёқасига ёки кўча ўртасига тўшак, чамадон, диван, болалар аравачаси, расм ромлари ва катта қутилар қолдирганларга бериладиган пул жарималари икки баробарга оширилиб, 300 евродан 1 500 еврогача кўтарилди.

Ванна, кроват каби йирик жиҳозларни кўчага ташлаш жаримаси 1 500 евродан 4 000 еврогача оралиқда бўлади. Бу тоифадаги чиқиндилар янада катта ҳажмли бўлса, жарима миқдори 11 минг еврогача етиши мумкин.

Телевизор, кир ювиш машинаси, музлатгич ва радиатор каби электрон қурилмаларни ноқонуний йўллар билан йўқ қилиш ёки кўчага ташлаш ҳолатида 1 минг евродан 15 минг еврогача пул жаримаси берилади.

Берлинда қайта ишлаш марказларида 3 евродан 8 еврогача йўқ қилинадиган кичик автомобиль шиналарини ноқонуний утилизация қилиш жаримаси 700 еврога, каттароқ транспорт воситаларининг шиналарини утилизация қилиш ёки кўчага ташлаш учун эса 20 минг еврогача пул жаримаси қўлланилиши мумкин.

Пойтахт Берлинда маиший чиқиндилардан ташқари ахлатларни йиғиш, ажратиш ва утилизация қилиш учун маълум ҳудудларда йирик ҳажмли чиқинди йиғиш ва қайта ишлаш марказлари мавжуд. Шаҳар аҳолиси ташламоқчи бўлган чиқиндиларни бу марказларга олиб бориб, бепул йўқ қилинишини сўрашлари мумкин.

Бундан ташқари, шаҳарда муниципал тозалаш хизматларидан рўйхатдан ўтиб, йирик ҳажмли чиқиндиларни йиғишга буюртма бериш мумкин.


Бошқа мақолалар