102 дипломатнинг шарафли чиқиши…


  • 25 Август, 2026
  • 20

Айни пайтда дунёдаги энг долзарб масала, ҳеч шубҳасиз, Исроилнинг Ғазодаги геноцид ваҳшийлигидир! Сионизмнинг уч йилдан бери Ғазода амалга ошираётган қирғини ва геноцидига дунёда ҳамжамияти томонидан билдирилган муносабат катта бўлди, лекин етарли эмасди…

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида сионистик Исроилнинг Ғазода содир этган инсониятга қарши жинояти ва геноцидига қарши катта норозиликлар юзага келди. Айни пайтда юзлаб турли шаҳарларда миллионлаб одамлар бир жойга тўпланиб, бу ваҳшийликни тўхтатишга чақирдилар. Бироқ тинч аҳолининг бу исёни расмий сиёсатдаги иккиюзламачи ва макрли муносабатлар қаршисида кутилган босимни тўлиқ амалга ошира олмади… Халқаро ҳуқуқ доирасида сионизм ва ирқчилик ваҳшийлигига қарши тилга оларли бирор хулқ-атвор намойиш этилмади. Бу борада Жанубий Африка Республикасининг бутун дунёга ўрнак бўладиган ташаббуси инсоният тарихига кирди. Бироқ бу шарафли чиқишни қўллаб-қувватлайдиган умумий халқаро муносабат, афсуски, юзага келмади. Шу сабабли Халқаро суд ва Халқаро жиноий суд қабул қилган ўта муҳим қарорлар бир маънода ўлик туғилган бўлди… Жанубий Африка Республикасининг инсоният номидан виждоний ташаббуси қаршисида сионистик Исроилни ва унинг раҳбарларини суд қилиш ва жазолаш ўрнига империалистик давлатлар бу ботир қарорларни қабул қилган судья ва прокурорларни нишонга олди. Вазият шундай экан, инсон қассоби Нетаньяху ва унинг шериклари писанд қилмасдан геноцидни давом эттирмоқда. Ғарб жамоатчилигида сионизмга қарши жуда жиддий норозилик кучайиб бораётганига қарамай, ҳозирча расмий даражада Исроилдан ҳисоб сўрайдиган механизмлар кўринмаяпти. Бунда, шубҳасиз, яҳудий лоббиси ва капиталининг кучи ҳал қилувчи рол ўйнамоқда!.. Бармоқ билан санарли давлатларнинг айрим ҳаракатлари, афсуски, етарли таъсир кўрсатадиган даражада эмас. Лекин ишонамизки, сионизмга қарши кучайиб бораётган муносабат ва нафрат охир-оқибат қандайдир тарзда натижа беради…

Шу маънода, 102 собиқ дипломатнинг (52 нафар француз ва 50 нафар инглиз) Франция президенти Эммануэль Макрон ва Буюк Британия бош вазири Энди Бернҳэмга йўллаган мактуби келажакка қаратилган шарафли ташаббусдир… Сўз бораётган мактуб французларнинг “Le Monde” газетасида 2026 йил 22 августда нашр этилди. Мактубда хулоса қилиб айтганда, Ғазо расман ва ошкора вайрон қилинаётганига эътибор қаратилган. Исроилнинг Фаластин заминида юритаётган сиёсати тубдан мустақил ва барқарор Фаластин давлатини барпо этиш имкониятини йўққа чиқараётгани қайд этилган. Ва бунга қарши сионистик давлатга нисбатан санкциялар қўлланилиши талаб қилинмоқда. Ғазода икки миллион инсон торгина бир майдонга қамаб қўйилгани ва гўёки ўлимга ташлаб қўйилганига ишора қилинган мактубда Франция ва Буюк Британия биргаликда Исроилга қарши санкция қўллаши сўралган. Аммо қарангки, на Париждаги ва на Лондондаги сиёсий иродада бундай йўлдан бориш учун имконият йўқ. 2023 йил 7 октябрдан бери бу манзиллардан янграган овоз доимо сўзсиз Исроилни қўллаб-қувватлаш йўлида бўлди… Яъни аҳвол бошиданоқ умидсиз! Саксон йилдан бери сионизмга энг катта ёрдамни узлуксиз давом эттириб келаётган Франция ва Буюк Британия бугун ўн йиллардан бери олиб бораётган сиёсатини ўзгартира оладими? Бахтсизлик мана шу ердан бошланади. Фаластин давлатини бошиданоқ доим кун тартибида ушлаб туришга интилган Туркия ўз овозини ҳатто Ислом оламига ҳам эшиттира олмаяпти! 57 та “Ислом мамлакати”дан кучли бир овоз ҳеч бир тарзда янграмагач, Ғарб дунёсидан буни қанчалик кутишимиз мумкин? Шунга қарамай, биз тилга олган 102 собиқ дипломатнинг бу борада инсоний муносабат кўрсатгани ижобий ҳолатдир.

Исроилнинг Фаластин давлатини унуттириш уринишларига қарши ўлароқ, бу собиқ дипломатларнинг ҳақ ва ҳуқуқ тарафида эканини кўрсатувчи муносабат билдириши таҳсинга лойиқдир. Мактубга имзо чеккан дипломатлар Франция ва Буюк Британиянинг Исроилга қарши аниқ санкциялар ва босим қўллашини талаб қилмоқда… Масалан, Исроилга қурол етказиб беришни ва ҳарбий ҳамкорликни тўхтатиш. Европа Иттифоқи ва Исроил ўртасидаги Шериклик битими ҳамда Британия ва Исроил савдо битимини тўхтатиб қўйиш. Яҳудийлар босиб олган ва яшаш жойлари деб аталувчи ҳудудлар билан савдо қилишни тақиқлаш. Босиб олинган Фаластин ҳудудларида ватандошларнинг кўчмас мулк сотиб олишига тўсқинлик қилиш… Худди шунингдек, босиб олинган жойларни қуриш ва молиялаштиришда иштирок этаётган фирмаларни санкцияларга дучор этиш… Собиқ дипломатларнинг мурожаатида Ғазога инсонпарварлик ёрдами узлуксиз равишда етказиб берилишини давом эттириш талаби ҳам бор. Аммо афсуски, дунё кўз ўнгида очлик, чанқоқлик ва дори-дармон йўқлигидан азоб чекаётган бечора Фаластин халқи, айниқса болалар ҳар куни ўнлаб, йигирмалаб ҳаётдан кўз юммоқда. Ғазода ҳаётдан кўз юмган фаластинликлар сони саксон мингга яқинлашди. Бу ҳали аниқланган рақамлар холос. Исроил бомбалари вайрон қилган биноларнинг вайроналари остида қанча минг жасад бор, Аллоҳ билади… Бу қурбонларни ҳатто аниқлашнинг ҳам иложи йўқ. Ташқаридан келаётган ёрдамларнинг ўндан бири ҳам тўғри маънода Ғазо ичига киритилмаяпти. Ғазода гўё амалда бўлган сулҳ ҳолати мавжуд. Бироқ сионистик Исроил ҳар куни тўхтамасдан ҳужум қилишни ва ўлдиришни давом эттирмоқда. Ғазода бошланган геноцид ва ҳар қандай ваҳшийлик ҳозирда Ғарбий Соҳилда ҳам такрорланмоқда. Мустамлакачи деб аталувчи босқинчи яҳудийлар ҳар куни бир нечта фаластинликларнинг уйига, ерига, умуман олганда, бутун мол-мулкига эга чиқмоқда. Бу пасткашликни улар Исроил аскарлари ва полициясининг ҳимояси остида амалга оширмоқдалар. Ичкарида айнан нималар содир бўлаётганини билишнинг ўзи ҳам мумкин эмас. Француз ва инглиз дипломатлари ушбу мактубда Ғазога журналист, дипломат ва парламент аъзолари каби кузатувчилар хавфсиз тарзда етиб боришини ҳам талаб қилмоқдалар. Бироқ шу кунгача сионистик ёндашув бундай нарсага асло йўл қўймаганидек, ўнлаб журналистларни ҳам ўлдирди.

Хуллас, Ғазода ва бутун Фаластинда даҳшатли воқеалар содир бўлмоқда. Ундан ҳам ачинарлиси, дунёнинг катта қисми бу ваҳшийлик қаршисида жим ва бефарқ қолмоқда… Шунинг учун собиқ дипломатларнинг бу мактубни ёзган бўлишининг ўзи ҳам катта аҳамиятга эга!..


Бошқа мақолалар