- 2024-10-14
Хитойлик олимлар Ой юзасида қизиқарли кашфиёт қилдилар. Йўлдошимизнинг қоронғи
томонига юборилган "Чанъэ-6" тадқиқот аппарати томонидан тўпланган тоғ жинси ва тупроқ намуналарида, метеорит урилиши натижасида ҳосил бўлган темирнинг зангланиш излари топилди.
Хитойнинг Шаньдун университети, Хитой Фанлар академиясининг Геокимё институти ва Юннан университети олимлари "Science Advances" журналида нашр этилган тадқиқотларида, "Чанъэ-6" роботик тадқиқот аппаратининг Ойнинг Жанубий қутби-Эйткен ҳавзасидан тўплаган тоғ жинси ва тупроқ намуналарида микроскопик даражада гематит ва магемит кристалларини топганини маълум қилдилар.
Тадқиқотчилар, мазкур кристалларнинг Ердаги одатий ҳолат сингари темир билан кислороднинг ўзаро таъсири натижасида эмас, балки метеоритлардаги темир сульфидининг урилиш таъсири орқали келтириб чиқарилган учувчан кислород муҳити билан контактга кириши орқали шаклланганини қайд этдилар. Магнит таъсирга эга бўлган ушбу кристалларнинг мавжудлиги Ойнинг бу қутб ҳудудидаги магнит аномалияларини тушунишга ҳам ёрдам беришига эътибор қаратган олимлар, бу кашфиёт Ойни ўрганишга илмий асос таъминлашини таъкидладилар.
Хитойлик олимлар аввалроқ ҳам, "Чанъэ-6" тадқиқот аппарати тўплаган намуналарда Қуёш тизимидан ташқаридан келгани аниқланган, сув ва органик материалларга бой метеоритларда учрайдиган углеродли хондрит элементларини топган эдилар.
Хитой Ойнинг қоронғи томонидан тоғ жинси ва тупроқ намуналарини тўплаш мақсадида "Чанъэ-6" тадқиқот аппаратини 2024 йил 3 майда космик фазога юборган, 2024 йил 2 июнда Ойнинг Жанубий қутби-Эйткен ҳавзаси ичидаги Аполлон ҳавзасига қўнган аппарат, тўплаган намуналари билан 2024 йил 25 июнда Ерга қайтган эди. "Чанъэ-6" миссияси билан Хитой Ойнинг қоронғи юзасидан намуна тўплаган биринчи давлат бўлди.