Геннадий Головкин World Boxing президенти этиб сайланди


  • 24 Ноябрь, 2025
  • 24

23 ноябрь куни Римда ўтказилган конгрессда қозоғистонлик афсонавий боксчи Геннадий Головкин World Boxing халқаро федерацияси президенти этиб сайланди.

Головкин сайловга рухсат берилган ягона номзод бўлди. Барча даъвогарлар уч нафар мустақил экспертдан иборат мустақил текширув комиссиясидан ўтдилар. Шунингдек, спорт арбитражи билан шуғулланувчи халқаро ташкилот Sport Resolutions бу жараённи назорат қилди.

Головкин ягона номзод бўлгани сабабли, World Boxing уставига мувофиқ, унинг тасдиқланиши Конгресс томонидан овоз беришсиз бир овоздан маъқулланди.

World Boxing — бу халқаро спорт ташкилоти бўлиб, Халқаро Олимпия Қўмитаси молиявий шаффофликнинг етишмаслиги ва коррупция каби бир қатор муаммолар туфайли IBA (собиқ AIBA) ташкилотини тан олиш мақомидан маҳрум этганидан сўнг, 2023 йилда ташкил этилган.

Эндиликда ҳаваскор бокс, шу жумладан олимпия бокси World Boxing томонидан назорат қилинади. 2024 йил сентябрь ойида Головкин кўплаб миллий федерациялар уни тан олиши ва бокс 2028 йилги ёзги Олимпия ўйинлари дастурида сақланиб қолиши учун катта саъй-ҳаракатларни амалга ошириб, ташкилотнинг Олимпия комиссияси раиси бўлди.

World Boxing президенти лавозимида Головкин голландиялик спорт функционери Борис ван дер Ворстнинг ўрнига келди.

"World Boxing президенти сифатида мана шу ерда сизнинг олдингизда туриш мен учун катта шараф ва завқдир. Мен фидокорона ва ҳалол хизмат қиламан. Аммо бу фақат бошланиши. Бизнинг миссиямиз аниқ: бокс фойдасига ишлаш, Халқаро Олимпия Қўмитасининг тўлиқ тан олишини тиклаш ва спортчиларимизни Брисбенга ва кейинги Олимпия ўйинларига юбориш. Мен ҳар бир боксчининг ҳалол ва хавфсиз спортда ўсишини ва ривожланишини хоҳлайман. Биз бирлашсак, World Boxing бир оила бўлиб олдинга боради. Биз сўз билан эмас, амал билан World Boxing Олимпия оиласи ишонадиган федерация эканини кўрсатамиз. Биз мустақил бўламиз, лекин Олимпия қадриятларини ҳурмат қиламиз. Биз ҳалоллик, тенглик ва спортчиларни ҳимоя қилиш учун ишлаймиз. Келинг, биргаликда ишончни мустаҳкамлайлик. Келинг, спортчиларимизга биргаликда хизмат қилайлик. Келинг, Олимпия ўйинларидаги ўзимизга хос қонуний ўрнимизни биргаликда қайтариб олайлик. Мен барчангизни биргаликда яхшироқ келажакни қуришга чақираман. Барчангизга қўллаб-қувватлаганингиз учун ташаккур", — деди Головкин.

Геннадий Головкин — Қозоғистонда хизмат кўрсатган спорт устаси, 2003 йилги жаҳон чемпиони ва 2004 йилги Олимпия ўйинлари кумуш медал соҳиби. Профессионал карьеpасида у жаҳон юлдузига айланди, 45 жанг ўтказиб, 42 тасида ғалаба қозонди, шундан 37 тасини нокаут билан тугаган бўлса; унинг ҳисобида иккита мағлубият ва бир дуранг ҳам бор. Головкин ўрта вазнда WBC, IBF, IBO ва WBA камарларига эгалик қилган, кетма-кет 23 та нокаут сериясини ўрнатган ва ўрта вазнлилар орасида рекорд фоизли нокаутлар учун Гиннесснинг рекордлар китобига киритилган. Бундан ташқари, GGG камарни ҳимоя қилиш сони бўйича Бернард Хопкинснинг ютуғини ортда қолдирди ва бу йил Халқаро бокс шуҳрати залига киритиш учун номзод қилинди.

2024 йил февраль ойидан бошлаб Головкин Қозоғистон Миллий Олимпия қўмитаси раҳбари лавозимида ишламоқда.

Машҳур боксчи Геннадий Головкиннинг World Boxing президенти лавозимига сайланиши уни яна бир тарихий ютуққа муаллиф қилди. Бундан олдин, ундан аввал ҳеч бир қозоғистонлик вакил ҳеч бир спорт турида халқаро федерацияга бошчилик қилмаган эди.


Бошқа мақолалар