Қирғизистонда ҳукуматга қарши тўнтариш режаси фош этилди


  • 24 Ноябрь, 2025
  • 28

Қирғизистонда Жўқорғу Кенеш (Республика парламенти) сайловларидан сўнг оммавий тартибсизликлар тайёрлаган бузғунчи гуруҳнинг фаолиятига чек қўйилди.

Маълум қилинишича, гуруҳ таркибига сиёсий арбоблар, собиқ депутатлар, аввалги давлат хизматчилари ва куч тузилмалари ходимлари кирган. Улар таҳдид ва кучли тўқнашувлар учун тарафдорларни, шу жумладан, уюшган жиноий гуруҳлар ва спорт жамоаларини жалб қилишган.

Ҳибсга олинганлар сайлов натижалари эълон қилингандан сўнг аввал мамлакатнинг жанубидан, кейин Бишкек ва вилоятларда бир қатор митинглар ўтказишни режалаштирган бўлиб, бу орқали оммавий норозилик кўринишини шакллантирмоқчи бўлишган. Уларнинг режаларида конституцияга қарши чақириқлар, шунингдек, маъмурий биноларни, телеканалларни, куч тузилмалари объектларини, қурол-яроғларни ва жазони ижро этиш муассасаларини эгаллаб олиш эҳтимоли бор эди.

"Гуруҳ аниқ иерархияга ва ролларни тақсимлашга эга эди. "Мувофиқлаштирувчи гуруҳлар" сиёсий талабларни илгари суриши, жиноий тузилмалар эса куч қўллаш орқали қўллаб-қувватлаши керак эди. Айрим иштирокчилар бўлажак лавозимларни ўзаро аввалдан тақсимлаб олишган", — дейилади Ички ишлар вазирлиги хабарида.

Тинтувлар давомида қурол-яроғ, ўқ-дорилар, гранаталар, алоқа воситалари, 150 000 АҚШ доллари, тартибсизликларни молиялаштириш ҳақидаги ҳужжатлар, ҳаракатлар режалари ва гиёҳванд моддалар олиб қўйилган. 10 киши ҳибсга олиниб, вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилди. Манбаларнинг маълумотига кўра, улар орасида собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг ўғли ва собиқ қўриқчиси Дамир Мусакеев ва "Социал-демократлар" партияси аъзоси Эрмек Эрматов бор. Уларга оммавий тартибсизликларни уюштиришга тайёргарлик кўриш бўйича айблов эълон қилинди.

Қирғизистон хавфсизлик органлари бузғунчи гуруҳнинг бошқа иштирокчиларини ва уларнинг фаолиятини молиялаштирган шахсларни аниқлаш бўйича тезкор-тергов тадбирларини давом эттирмоқда.

Оммавий тартибсизликлар бўйича жиноий ишда гумонланувчилар гуруҳига нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартириш ҳақидаги тергов илтимоси Бишкекдаги Первомайский туман судида кўриб чиқилди. Аввал суд терговнинг илтимосини қондириб, Темирлан Султанбеков, Эрмек Эрматов ва Урмат Асқарбековни (Урмат Бариқтабасов ўз фамилиясини ўзгартирган) ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарди. Улар 17 январгача тергов изоляторига жойлаштирилди.

Суд қарори билан Қирғизистоннинг собиқ президенти ўғли Қодирбек Атамбаев, шунингдек, Шайлообек Атазов ва Кубаничбек Қодиров ҳам 17 январгача қамоққа олинди.


Бошқа мақолалар