Москвада икки нафар полициячи портлатиб юборилди


  • 25 Декабрь, 2025
  • 27

24 декабрга ўтар кечаси Москвадаги Елецкая кўчасида портлаш содир бўлди. Ушбу ҳодиса оқибатида икки нафар полиция ходими ва уларнинг ёнида бўлган яна бир киши ҳалок бўлди.

Россия Тергов қўмитасининг маълумотларига кўра, портлаш содир бўлишидан бироз аввал Йўл-патруль хизматининг (ЙПХ) икки ходими хизмат автомобили ёнида шубҳали шахсни кўриб қолишган. Ходимлар уни қўлга олиш мақсадида яқинлашган вақтларида, портловчи қурилма ишга тушган.

Икки нафар полиция ходими ва уларнинг ёнида бўлган шахс олган оғир жароҳатлари туфайли вафот этди.

Россия Тергов қўмитасининг Москва бошқармаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимининг ҳаётига тажовуз қилиш ва портловчи мосламаларнинг ноқонуний айланмаси моддалари бўйича жиноят иши қўзғатди.

“Baza” Telegram-каналининг хабар беришича, портлашда ҳалок бўлган учинчи шахс — портлатувчининг ўзи бўлган. Қайд этилишича, полициячилар яқинлашган пайтда у портловчи қурилмани ўрнатаётган бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 22 декабрь куни Москвадаги ҳовлилардан бирида автомобиль портлаб кетган эди. Ўша ҳодиса натижасида Россия Қуролли Кучлари Бош штаби тезкор тайёргарлик бошқармаси бошлиғи ҳалок бўлганди.


Бошқа мақолалар