- 2020-01-31
Сингапур ҳаво йўлларининг Дубай-Сингапур рейсида бизнес-класс йўловчиси бўлган Хитой
ватандоши Лю Минг, 8 август кечаси ухлаб ётган йўловчининг ўриндиқ устидаги жавонидан 100 минг Сингапур доллари (тахминан 74 минг АҚШ доллари ёки 950 миллион сўм) қийматидаги чамадонни ўғирлашга уринди. Жабрланувчининг рафиқаси уйғониб қолиб, ҳолатга аралашгани сабабли Минг қўлга олинди. У Сингапур судида ўғрилик айбига иқрор бўлди ва миллий авиакомпания обрўсига зарар етказгани учун 20 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
26 ёшли Хитой фуқароси Лю Минг 7 август куни Дубайдан Сингапурга учаётган самолётга айнан бизнес-классдаги бошқа йўловчиларнинг қимматбаҳо буюмларини ўғирлаш ниятида чиққанини судда тан олди.
Ҳодиса 8 август куни эрталаб, кечки овқат хизмати тугаб, кабина чироқлари пасайтирилган вақтда юз берди. Жабрланувчи ухлаб ётган пайтда Лю Минг ўз жойидан туриб, озарбайжонлик бизнес-класс йўловчисининг чамадонини тепадаги бўлмадан олди ва ўз ўриндиғига олиб келди.
Бироқ, жабрланувчининг рафиқаси қисқа уйқудан уйғониб, Мингнинг чамадонни олаётганини кўриб қолди. Аёл нима бўлаётганини тушунмай, нотаниш эркакка эътироз билдирди ва кабина экипажини хабардор қилди. Қўлга тушганини англаган Минг чамадонни дарҳол жойига қайтариб қўйди ва экипажга чамадонларни адаштириб юборганини иддао қилди.
Экипаж вазият ҳақида хабар бергач, Лю Минг Сингапурнинг Чанги аэропортига қўниши билан ҳибсга олинди.
Судга тақдим этилган маълумотларга кўра, чамадон ичида қуйидаги буюмлар бўлган:
Бир миқдор нақд пул;
2 минг 100 долларлик Huawei ноутбуки;
56 дона сигара;
Chopard соати;
Audemars Piguet соати.
Буюмларнинг умумий қиймати 100 минг Сингапур долларини ташкил этган. Жабрланувчининг рафиқаси вақтида пайқагани туфайли бирор буюм йўқолмади.
Полициянинг билдиришича, Лю Минг тергов давомида ҳамкорлик қилмаган ва воқеани тасодиф деб атаб, ўғриликни инкор этишда давом этган. Бироқ, Мингнинг ўз сумкаси билан жабрланувчининг чамадони ташқи кўриниши ва материали жиҳатидан бутунлай фарқ қилиши исботланди.
Прокурор ёрдамчиси Чеа Венцзе Минг учун 20 ойлик қамоқ жазосини талаб қилди. Прокурор самолётда содир этилган ўғрилик жиноятлари Сингапурнинг миллий авиакомпанияси ва туризм соҳаси обрўсига путур етказишини, шу сабабли жазо бошқаларга ўрнак бўлиши кераклигини таъкидлади. Лю Минг айбини тан олди ва 20 ойга озодликдан маҳрум этилди.