Европада хаос


  • 2 Ноябрь, 2026
  • 15

Европада ҳукумат сиёсати ва турмуш қимматлигига норозилик тобора ортиб бормоқда. Францияда 350 минг киши кўчага чиқди, полиция билан тўқнашувлар юз берди. Испания, Бельгия ва Албаниядан сўнг Германия, Нидерландия ва Швейцарияда ҳам вазият чигаллашди, кўплаб дўконлар талон-торож қилинди.

Германияда турмуш қимматлиги, таълим тизимидаги камчиликлар ва мажбурий ҳарбий хизмат бўйича баҳслар ёшларни кўчага чиқишга мажбур қилди. Германия Хабар Агентлиги (DPA) “Z авлоди бошқарувни қўлга олмоқда” (Gen Z regelt) шиори остида ўтказилган намойишларда мамлакат бўйлаб 100 мингдан ортиқ киши иштирок этганини маълум қилди. Камида 34 та шаҳарда намойишлар зўравонлик ҳодисаларига айланиб кетди. Франкфуртда асосий харид кўчасининг катта қисми полиция томонидан транспорт ва пиёдалар ҳаракати учун ёпиб қўйилди.

Берлинер кўчасидаги қурол дўконининг ойналари синдирилди. Гумонланувчи бир шахс қўлга олинди ва унинг ёнидан иккита қурол мусодара қилинди. Шаҳарларда кўплаб дўконлар талон-торож қилинди. Gen Z regelt вакили Лина Фридрих: “Биз учун энг муҳим масала – соғлиқни сақлаш ва таълим тизимига кўпроқ ёрдам ажратилиши. Мажбурий ҳарбий хизматга қаршимиз ва молиявий юкнинг адолатлироқ тақсимланишини ёқлаймиз”, деди. Гессен ўлкасининг Ички ишлар вазири Роман Позек эса: “Ҳаммамизнинг хаёлимизда Франциядаги манзаралар турибди; талон-торож қилинган дўконлар, ўт қўйилган уйлар, ёқиб юборилган полиция автомобиллари ва полиция ходимларига қилинган ҳужумлар... Франция бу борада намуна бўлмаслиги керак”, дея таъкидлади.

Полиция намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланди ва камида 176 кишини қўлга олади. Берлиндан ташқари Кёльн, Гамбург, Франкфурт ва Штутгартда полиция намойишчиларга қарши сув сепгичлардан фойдаланди. Тўқнашувларда 27 нафар полициячи ҳам жароҳат олди. Полиция кўплаб шаҳарларда намойишларни вертолет ва дронлар орқали кузатиб борди. Ташаббуснинг навбатдаги акцияси 20 ноябрда ўтказилиши режалаштирилган.

Францияда ҳукумат 17 ва 24 октябрь кунлари зўравонликлар кузатилган намойишлардан сўнг хавфсизлик чораларини кучайтирган бир пайтда, “Сариқ нимчалилар” турмуш қимматлигига қарши яна кўчаларга чиқишди. “Сариқ нимчалилар” пойтахт Париж бош бўлиб, Лион, Ренн, Марсель ва Тулуза каби кўплаб шаҳарларда намойиш ўтказди, касаба уюшмалари ва талабалар ҳам бу намойишларни қўллаб-қувватлади. Намойишчилар “Умумий иш ташлашни талаб қиламиз”, “Кўчалар бизники” ва “Ёшмиз, азм-у қароримиз қатъий, инқилобчимиз” каби шиорларни ҳайқиришди, “Қирғинбаротларни эмас, мактабларни молиялаштиринг”, “Яшашни истаймиз”, “Озодлик” ва “(Франция президенти Эммануэль) Макрон, Францияни уятга қўйяпсан” деб ёзилган баннерларни кўтариб олишди. Тулузада ҳам полиция рухсат берилмаган намойишни тарқатиш учун сув сепгичлардан фойдаланди. Франция Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакат бўйлаб ўтказилган намойишларда тахминан 320 минг киши иштирок этди, 511 киши ҳибсга олинди.

Швейцариянинг Цюрих ва Базель шаҳарларидаги намойишларда тартибсизликлар чиқиб, ёнғин чиқарган намойишчилар полиция билан тўқнашди. Цюрихда Лангштрасседа тўпланган намойишчиларнинг баъзилари Хэллоуин муносабати билан ниқоб тақиб олишгани кузатилди. Ноқонуний намойиш ўтказаётган иштирокчилар чиқинди қутилари, электр скутерлар ва бошқа буюмлардан ғовлар қуриб, уларга ўт қўйишди. Акция иштирокчилари полициячиларга пиротехника воситалари, тош ва шишалар отган бўлса, полиция бунга сув сепгичлар, кўздан ёш оқизувчи газ ва пластик ўқлар билан жавоб қайтарди. Цвинглиштрассе ҳудудида бир автомобиль ёқиб юборилди. Базель шаҳрида ҳам 150 кишилик гуруҳ шаҳар марказида юриш ўтказди, бу жараёнда жамоат транспорти ҳаракати вақтинча тўхтатилди. Намойишчилар Шт. Иоганнсплатцда ғовлар қуриб, уларга ўт қўйишди, полиция аралашувидан сўнг ўт ўчирувчилар ёнғинни ўчиришди. Иштирокчилар Шт. Иоганнс парки томон қочиб кетишди. Намойиш йўналиши бўйлаб баъзи жойларда моддий зарар етказилгани қайд этилди.


Бошқа мақолалар