- 2024-11-05
АҚШда фаолият юритувчи Fibrebond компаниясининг сотувидан тушган маблағнинг 15 фоизи
ходимларга тарқатилди. 540 кишига бўлиб берилган ушбу мукофот пулидан ҳар бир кишига ўртача 443 минг доллар тўғри келди.
АҚШнинг Луизиана штатида жойлашган электр жиҳозлари ишлаб чиқарувчи Fibrebond компанияси сотилгани муносабати билан ўз ходимларига улкан бонус берди. Компания эгаси Грэм Уокер, Fibrebond ни Eaton компаниясига 1,7 миллиард долларга сотгач, тушган маблағнинг 15 фоизини ишчилар билан баҳам кўрди.
Wall Street Journal нашрининг хабар беришича, ушбу қарор туфайли 540 нафар тўлиқ иш кунида ишловчи ходим жами 240 миллион доллар мукофот олди. Тўловлар миқдори ўртача бир кишига 443 минг доллар атрофида бўлди. Мукофотлар ходимларнинг компанияда камида яна беш йил қолиши шарти билан босқичма-босқич тўланади.
Кўп йиллардан бери ишлаб келаётган ходимлар эса янада юқорироқ суммаларга эга бўлишди. Ишчилар ушбу маблағларни асосан қарзларни ёпиш, автомобиль ёки уй сотиб олиш, таълим харажатлари ва нафақа режалари учун ишлатдилар. Баъзилар оиласини Мексиканинг Канкун шаҳрига таътилга олиб кетган бўлса, бир ходим ўз орзусидаги кийим-кечак дўконини очиш учун тўловнинг бир қисмини сарфлади.
Уокер компания сотувига махсус қўшган ушбу шартларини “адолатли” деб таъкидлади. Унинг оиласи сотувдан 1 миллиард доллардан ортиқ даромад олган бўлса-да, ходимларга берилган тахминан 240 миллион долларлик улуш муҳим ва ҳаққоний миқдор эканини билдирди.
Fibrebond компаниясига 1982 йилда Клод Уокер томонидан асос солинган ва йиллар давомида турли қийинчиликларни бошидан кечирган эди. 1990-йилларда ўсишга эришган компания, 1998 йилда фабриканинг ёниб кетиши билан катта йўқотишга учради. 2000-йилларда эса ходимлар сони 900 дан 320 гача тушиб кетди.
Грэм Уокер ва унинг укаси компания бошқарувини қўлга олгач, қарзларни камайтириб, янги бозорларга йўналтирилди. Компания, айниқса, Covid-19 пандемиясидан кейин ортган булутли ҳисоблаш хизматларига бўлган талаб билан тез суръатлар билан ўсди ва сўнгги беш йилда сотув ҳажмини тахминан 400 фоизга оширди. Грэм Уокер 31 декабрь ҳолатига кўра ўз вазифасидан кетишини эълон қилди.