25 декабрдан Қозоғистонда янги банкноталар муомалага чиқарилади


  • 26 Декабрь, 2025
  • 51

Қозоғистон Миллий банки 2025 йил 25 декабрдан бошлаб янги дизайнга эга бўлган, қиймати 500 тенгелик банкноталарни муомалага чиқармоқда.

Бу “Сак услуби” туркумидаги бешинчи банкнотадир. У анъанавий қозоқ нақш-нигорларининг асоси ҳисобланган сак услуби элементларига таянган бўлиб, мамлакат меросини — кўчманчиларнинг ўзига хос маданиятидан то замонавий Қозоғистонгача бўлган даврни акс эттиради.

Шу билан бирга, ушбу банкноталар оммавий муомалага 2026 йилнинг иккинчи чорагида кириб келади. Чунки уларни мамлакатнинг барча ҳудудларига етказиш ва ускуналарни (банкоматлар, терминаллар ва бошқа касса техникаларини) мослаштириш учун қўшимча вақт талаб этилади.

Банкноталар ранги — кўк. Олд томонида қуйидагилар тасвирланган:

Парвоз қилаётган қуш билан бирга “Ҳаёт дарахти” шохи (Иссиқ қўрғони, милоддан аввалги V-IV асрлар, Олтин одам бош кийимининг детали, табиат ва эътиқод боғлиқлигининг муқаддас рамзи);

Инсоннинг табиат билан алоқасини ифодаловчи ДНК спирали ва нақш шаклида ишланган чексизлик белгиси;

Артефакт — архар (архар) боши шаклидаги сувлиқ парчаси (Берел қўрғонлари, “Подшоҳлар водийси”, милоддан аввалги VIII-VII асрлар, Шарқий Қозоғистон вилояти).

Орқа томонида қуйидагилар тасвирланган:

Нақшинкор қалқон фонида Қозоғистонда яшовчи архар;

Асосий тасвир ортида бир нечта ғояни ўзида жамлаган доирасимон қозоқ нақши жойлашган:

Қалқон — қадриятлар ҳимоясини ифодалайди;

Қадимий рамз — дунёнинг тўрт томони;

Марказдаги қуёш белгиси — бунёдкорлик энергияси ва ҳаёт рамзи.

Банкнота марказида фон сифатида “чексизлик” қозоқ нақшининг контури жойлашган бўлиб, унинг ичида Музтау тоғининг манзараси акс этган.

Янги 500 тенгелик банкноталар 2025 йил 25 декабрдан муомалага чиқарилади ва 24 ой давомида муомалада бўлган 2017 йилги нусхадаги 500 тенгелик банкноталарни алмаштириб боради.

“Яъни, барча эски нусхадаги банкноталар 2 йил давомида босқичма-босқич муомаладан чиқарилади. Шунга кўра, ушбу даврда аҳоли эски нусхадаги банкноталарни иккинчи даражали банкларда ёки Миллий банк филиалларида янгисига алмаштиришлари шарт эмас”, — дейилади тарқатилган хабарда.

Эски ва янги нусхадаги банкноталарнинг параллел муомала муддати 2025 йил 25 декабрдан 2027 йил 24 декабргача (шу куни ҳам) давом этади.

Параллел муомала даври тугаганидан сўнг, яъни 2027 йил 25 декабрдан бошлаб, барча банклар ва “Казпочта” эски банкноталарни янгисига уч йил давомида — 2030 йил 24 декабргача алмаштириб беради. Миллий банк филиаллари эса эски нусхадаги банкноталарни муддатсиз қабул қилади.

Миллий банк эслатиб ўтадики, қонуний тўлов воситаси ҳисобланган банкнота ва тангаларни қабул қилишдан бош тортиш Қозоғистоннинг Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексига мувофиқ маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.


Бошқа мақолалар