- 2018-01-13
Жанубий Австралиянинг бир пайтлар ҳаётга тўла бўлган соҳиллари эндиликда ваҳимали
бир воқеани сўзламоқда: ўлик скатлар, вальви балиқлар (саккизоёқлар), қисқичбақалар ва балиқлар километрларга чўзилган қумликларга сочилиб ётибди. 8 ой давом этган ушбу экологик офатнинг сабабчиси аввал фақат икки марта учратилган, ўта нодир ва заҳарли тур бўлиб чиқди.
Жанубий Австралия соҳилларида 8 ой давом этган ва миллионлаб денгиз жонзотларининг ўлимига сабаб бўлган офат ортидаги ҳайратланарли ҳақиқат олимларнинг ДНК тадқиқотлари натижасида аниқланди.
Ҳудудда соҳилга урилган кулранг кўпиклар ҳамда қирғоқ яқинида яшовчи одамларда кузатилган нафас қисиши ва кўз ачишиши муаммоси шуни кўрсатдики, бу шунчаки экологик муаммо эмас. Балиқчилик ва туризм тармоқлари катта йўқотишларга учраган бир пайтда, олимлар вазиятга тезкорлик билан аралашдилар.
Дастлаб, ифлосланишга “Karenia mikimotoi” деб аталувчи заҳарли сувўти тури сабаб бўлган деб тахмин қилинган эди. Бироқ, ўлим ҳолатлари ва ифлосланишнинг ғайритабиий даражада узоқ давом этиши мутахассисларни ҳайратда қолдирди. Сидней Технология университети денгиз биологи Шона Мюррей соҳилдаги муҳитни “жуда ғалати, этингни жунжиктирувчи ҳиссиёт” дея таърифлади. Мюррейнинг таъкидлашича, денгиз жонзотларининг ўлими 550 дан ортиқ ҳайвон турларини қамраб олиб, миллионлабни ташкил этган.
Шу билан бирга, олимлар ҳудуддаги чиғаноқли денгиз маҳсулотларида асаб ҳужайраларига зарар етказувчи ва ҳатто ҳаво орқали инсонларга зиён етказиши мумкин бўлган бреветоксинларни аниқладилар. Ваҳоланки, биринчи гумон қилинган сувўти тури — “Karenia mikimotoi” бу заҳарни ишлаб чиқара олмас эди.
Замонавий ДНК воситаларини қўллаган олимлар гуруҳи ҳақиқатни юзага чиқарди: воқеанинг асл айбдори фақат икки марта қайд этилган нодир сувўти тури — “Karenia cristata” эди. Лаборатория тадқиқотлари ушбу тур Флоридадаги “қизил оқимлар” билан машҳур бўлган “Karenia brevis” туридан ҳам кўпроқ бреветоксин ишлаб чиқаришини тасдиқлади.
Бреветоксинлар асаб ҳужайраларидаги натрий каналларини тўсиб қўйиш орқали денгиз жонзотларида нафас олиш мушаклари назоратининг йўқолишига ва тез фурсатда ўлимга олиб келади. Инсонларда эса ҳавога аралашган токсинлардан заҳарланиш йўтал, кўкрак қафасидаги сиқилиш ва астма каби аломатларни келтириб чиқаради. Мутахассислар Жанубий Австралиянинг қирғоқбўйи шаҳарчаларида кузатилган нафас олиш муаммолари Флоридадаги қизил оқим таъсири билан мос келишини тасдиқладилар. Бундан ташқари, сувўтилар ҳаддан ташқари кўпайган ҳудудларда сувдаги кислород даражасининг пасайиши (гипоксия) ҳам денгиз жонзотлари учун қўшимча стресс манбаи бўлди.
“BioRxiv” илмий журналида чоп этилган тадқиқот, шунингдек, бу турдаги сувўтиларнинг ўсишига туртки бўлган шароитларни ҳам очиб берди. “Karenia cristata” нинг ривожланиши учун идеал ҳарорат 14 дан 18 даражагача бўлган. Жанубий Австралияда аввалроқ кузатилган денгиз иссиқлик тўлқинидан кейинги совиш даври сувўтиларнинг кескин кўпайиши учун идеал шароит ҳозирлади. Шунингдек, океаннинг чуқур қатламларидаги сувларнинг юзага кўтарилиши билан келган озуқа моддаларининг кўпайиши ҳам сувўтиларнинг ўсишини тезлаштирди.
Жанубий Австралия Тадқиқот ва ривожланиш институти ходими Майк Стир: “Хавф ҳали ўтиб кетгани йўқ”, деб огоҳлантириб, янги озуқа тўлқини сувўтилар ўсишини қайтадан бошлаб юбориши мумкинлигини айтди.