Қозоғистонда нақд пул ечишга чекловлар жорий этилди


  • 9 Январь, 2026
  • 21

1 январдан бошлаб Қозоғистонда банк ҳисоб рақамларидан нақд пул ечишнинг янги қоидалари кучга кирди. Ушбу янгиликлар кимларга тааллуқли бўлади?

Ўтган йили Миллий банк, Молия вазирлиги ҳамда Молиявий бозорни тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги қўшма қарорни имзоладилар. Унга кўра, қозоғистонлик тадбиркорлар белгиланган лимитдан ортиқ нақд пул ечиб олаётганда, бу маблағ нима мақсадда ишлатилишини тушунтириб беришлари керак бўлади. Миллий банкнинг изоҳлашича, қоидалар аслида ўзгармаган, фақат улар янги Солиқ кодексига мувофиқлаштирилган.

Тадбиркорлар томонидан банк ҳисобларидан нақд пул ечишнинг янги қоидалари 2026 йил 1 январдан ишлай бошлади. Улар юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга (ЯТТ) нисбатан қўлланилади (нақд пул ечиш чекловларидан расман озод қилинганлар бундан мустасно; уларнинг рўйхати Миллий банк томонидан алоҳида белгиланади).

Сумма бўйича чекловлар (Лимитлар)

Бир ой давомида бизнес вакиллари белгиланган лимитдан ортиқ бўлмаган миқдорда нақд пул ечишлари мумкин. Агар лимитдан юқори маблағ ечиш талаб этилса, қўшимча шартлар бажарилиши лозим. Миллий банк томонидан белгиланган ойлик лимитлар қуйидагича:

Кичик бизнес учун — ойига 20 миллион тенгегача;

Ўрта бизнес учун — 120 миллион тенгегача;

Йирик бизнес учун — 150 миллион тенгегача.

“Белгиланган лимитдан ортиқ операцияларда нақд пул маблағларини ечиш мақсадини тасдиқлаш талаби 2020 йилдан бери амал қилмоқда ва ўзгаришсиз қолмоқда. Ҳисобот шаклига тегишли устуннинг қўшилиши техник характерга эга бўлиб, давлат органлари ўртасида маълумот алмашинувини осонлаштиришга қаратилган”, — дейилади Миллий банк хабарида.

Нақд пул ечиш жараёни

1. Стандарт ечиш (лимит доирасида): Бизнес банкка ариза беради ва банк пул беради.

2. Лимитдан ташқари ечиш: Лимитдан ошганда тадбиркор қуйидагиларга мажбур:

Нақд пул ечиш мақсадини ҳужжатлар билан тасдиқлаш (шартнома, ҳисоб-фактура, қайднома, сотиб олиш акти, инвойс, смета, буйруқ ва ҳоказо).

Маълумотларни давлат органларига узатишга розилик бериш.

Хавфларни текшириш натижасини кутиш.

Текшириш жараёни

Лимитдан ошган тақдирда, банк кейинги иш куни соат 10:00 гача Давлат даромадлари қўмитасига ариза, ортиқча сумма, мақсад, компания идентификаторлари, ҳужжатлар ва розиликни тақдим этади.

Давлат даромадлари қўмитаси кейинги иш куни якунигача банкка жавоб беради:

Агар хавф мавжуд бўлса — пулни беришни рад этиш мумкин.

Агар хавф бўлмаса — бериш мумкин.

Агар 3 иш куни ичида жавоб келмаса, банк пулни беришга мажбур. Текширув натижаси 1 календарь ой давомида амал қилади. Хавф мезонлари махфий бўлиб, эълон қилинмайди.

Давлат органлари ўртасида маълумот алмашинуви

Йирик суммаларни ечиш устидан қўшимча назорат ўрнатилди:

Банклар ҳар ой Миллий банкка ойига 10 миллион тенгедан ортиқ пул ечган компаниялар ҳақида маълумот беради.

Миллий банк маълумотларни тўплаб, Давлат даромадлари қўмитасига (солиқ назорати учун) ва Молиявий бозорни тартибга солиш агентлигига (банклар назорати учун) юборади.

Муҳим эслатма: Ўтган йили Миллий банк тушунтиришича, тадбиркорлар лимитдан ортиқ нақд пул бериш рад этилганда бу қарор устидан шикоят қила олмайдилар. Қоидаларда апелляция тартиби кўзда тутилмаган. Бироқ, ҳужжатларни қайта топшириш ёки бошқа банкка мурожаат қилиш имконияти мавжуд.


Бошқа мақолалар