- 2023-02-17
Эрон инсон ҳуқуқлари фаоллари (HRA) ташкилоти Эронда 28 декабрдан бери давом
этаётган намойишларда ҳаётдан кўз юмганлар сони камида 646 нафарга, ҳибсга олинганлар сони эса 10 721 нафарга етганини эълон қилди.
Эронда ўтган йилнинг 28 декабрь куни яшаш таннархининг қимматлашига норозилик сифатида бошланган ва ҳукуматга қарши намойишларга айланиб кетган оммавий чиқишлар давом этмоқда. АҚШда жойлашган “Эрон инсон ҳуқуқлари фаоллари” (HRA) нодавлат ташкилоти намойишлар оқибатларига доир сўнгги маълумотларни ўртоқлашди.
HRA баёнотида айтилишича, намойишларда ҳалок бўлганлар сони камида 646 кишига етган. “Уларнинг орасида 505 нафар намойишчи (шундан 9 нафари болалар), 133 нафар аскар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, намойишларда иштирок этмаган 7 нафар тинч аҳоли ва 1 нафар прокурор бор”, — дейилади хабарда. Айрим ўлим ҳолатлари ҳали текширилаётгани қайд этилган баёнотда, HRA ҳозирда тасдиқлаш босқичида бўлган яна 579 та ўлим ҳолати ҳақида хабарлар олгани маълум қилинди.
Намойишлар пайтида қўлга олинганлар сони 10 721 кишига етгани билдирилиб: “Эроннинг 187 та шаҳридаги 606 та нуқтага ёйилган намойишлар, алоқа бутунлай узиб қўйилганига қарамай давом этмоқда”, — дея таъкидланди.
HRA томонидан кеча берилган баёнотда, 28 декабрдан бери давом этаётган намойишларда қурбонлар сони камида 544 нафар, ҳибсга олинганлар эса 10 681 нафар экани айтилган эди.