Мажбурий пенсия бадаллари оширилди


  • 13 Январь, 2026
  • 14

Қозоғистонда 2026 йил 1 январдан бошлаб иш берувчининг мажбурий пенсия бадали (ИБМПБ) миқдори ошди.

Ягона жамғариб бориладиган пенсия жамғармаси (ЯЖПЖ) эслатишича, жорий йилда ИБМПБ миқдори ходим даромадининг 3,5 фоизини ташкил этди. Айнан шу миқдордаги маблағни раҳбарият ходим учун ЯЖПЖга ўтказиб бериши шарт.

ИБМПБ миқдори ҳар йили босқичма-босқич ошиб бормоқда. Ўтган йили ставка 2,5 фоизни, 2024 йилда эса 1,5 фоизни ташкил этган эди.

Маълумот: ИБМПБ — бу иш берувчи томонидан ходимнинг ўз мажбурий пенсия бадалларига қўшимча равишда тўланадиган тўловдир.

Режага кўра, 2027 йилда бадал миқдори 4,5 фоизни, 2028 йилда эса 5 фоизни ташкил этади.

2024 йил 1 январдан бошлаб Қозоғистондаги иш берувчилар ўз ходимлари учун ЯЖПЖга пенсия бадаллари — ИБМПБ ўтказишга мажбурдирлар.

ИБМПБ 1975 йилда ва ундан кейин туғилган, 1998 йилгача бўлган иш стажи кам бўлган ёки умуман бўлмаган ходимлар учун мўлжалланган. Натижада уларнинг пенсияси уч қисмдан иборат бўлади:

Базавий пенсия — давлат томонидан берилади;

Жамғариб бориладиган — ходимнинг ўз бадаллари ҳисобига;

Шартли-жамғариб бориладиган — иш берувчининг бадаллари (ИБМПБ) ҳисобига.

Иш берувчилар 1975 йилдан олдин туғилган ходимлар, пенсионерлар, 1-2-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, ҳарбий хизматчилар ва уларга тенглаштирилган шахслар учун ИБМПБ тўламайдилар. Тўловлар устидан назоратни Молия вазирлигининг Давлат даромадлари қўмитаси амалга оширади.

ИБМПБдан тўланадиган тўловлар умрбоддир. Бироқ, хорижга доимий яшаш учун чиқиб кетганда ёки фуқаролик ўзгарганда улар тўхтатилади. Бунда фақат ходимнинг ўз жамғарган бадалларини қайтариб олиш мумкин, ИБМПБ маблағлари эса ЯЖПЖда қолади, чунки улар ходимга тегишли эмас ва мерос бўлиб ўтмайди. Фуқароликдан чиққан ёки вафот этган шахслар учун тўланган бадаллар тизимнинг бошқа иштирокчилари ўртасида қайта тақсимланади.

Бундан бир йил аввал Қозоғистон ҳукумати ҚҚС (Қўшилган қиймат солиғи) ставкаси оширилиши муносабати билан ижтимоий солиқ ва ИБМПБни бекор қилишни режалаштирган эди. Ўшанда ҚҚС 20 фоизни ташкил этиши мумкин бўлган сценарий муҳокама қилинган. Бош вазир ўринбосари Серик Жумангариннинг сўзларига кўра, бу орқали меҳнатга ҳақ тўлаш фондига тушадиган юкни сезиларли даражада камайтириш мумкин эди.

Бироқ кейинчалик ҳукумат вакиллари бизнес вакиллари билан учрашиб, тадбиркорлар томонидан ижтимоий солиқ ва ИБМПБ тўловини бекор қилиш ислоҳоти фақат ҚҚС ставкаси 20 фоизгача оширилган тақдирдагина амалга ошиши мумкинлигини билдиришди. Бундай ҳолатда давлатда иш берувчи ўрнига ижтимоий тўловларни қоплаш учун маблағ бўлар эди. Аммо ҚҚС ставкасини 16 фоиз даражасида белгилашга қарор қилингани сабабли, ижтимоий тўловларни ўзгаришсиз қолдириш таклиф этилди.

Ўз навбатида, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги иш берувчилар томонидан ИБМПБ ўтказилиши ходимларни кексаликда умрбод асосдаги қўшимча жамғариб бориладиган пенсия тўлови билан таъминлашга хизмат қилишини алоҳида қайд этди.


Бошқа мақолалар