- 2024-11-01
Гренландия Ташқи ишлар вазири Вивиан Моцфельдт Оқ уйда АҚШ маъмурияти вакиллари
билан учрашганидан сўнг берган интервьюси чоғида кўз ёшларини тута олмади.
“Моцфельдт «KNR» радиосининг жонли эфирига чиқди ва шу ерда ушбу тажрибали ҳамда вазмин сиёсатчининг ҳиссиётлари жўш уриб кетди. Ундан америкаликлар билан учрашув чоғида хотиржамликни сақлай олдингизми, деб сўрашганида, унинг овози титраб кетди”, — дейилади “KNR” радиоси хабарида.
Чоршанба куни Дания ва Гренландия Ташқи ишлар вазирлари Вашингтонда Давлат котиби Марко Рубио ва вице-президент Жей Ди Вэнс билан музокаралар ўтказдилар. Орол масаласида АҚШ позициясини ўзгартиришнинг имкони бўлмади. Музокаралар муваффақиятсизликка учраганидан сўнг, баъзи Европа давлатлари у ерга ҳарбийлар юборилишини эълон қилди.
Интервью давомида Моцфельдт унинг вазирлиги учрашувга тайёргарлик кўриш ва гренландияликларнинг “хавфсизликда яшаши” учун имконият бериш устида фаол ишлаганини сўзлаб берди.
“Сўнгги бир неча кун жуда оғир ўтди. Биз тайёргарлик кўргандик, аммо босим янада кучайди”, — деди сиёсатчи.
Бундан аввал АҚШ Президенти Дональд Трамп Даниядан Гренландиядан “чиқиб кетишни” талаб қилган эди. Бундан ташқари, у НАТОни Вашингтонга оролни қўлга киритишда ёрдам беришга чақирди. Унинг фикрича, акс ҳолда орол Россия ёки Хитой ихтиёрига ўтиб кетиши мумкин.
Дания Ташқи ишлар вазири Ларс Лёкке Расмуссен Вашингтондаги музокаралардан сўнг Президент Трампда “Гренландияни забт этиш истаги борлигини” айтди. Шу билан бирга, у АҚШ президентининг агар ҳудуд Вашингтон назоратига ўтмаса, оролнинг “ҳар ерида Хитой эсминецлари ва сувости кемалари пайдо бўлади” деган иддаоларини рад этди.
Пайшанба куни, 15 январь куни Европа қўшинлари ўқув машғулотларида қатнашиш учун Гренландияга етиб кела бошлади. Франция, Швеция, Германия ва Норвегия Гренландия пойтахтига разведка миссияси доирасидаги машғулотлар учун ҳарбий хизматчиларини юборишини эълон қилди.