Ким Чен Ин Шимолий Корея ташқи сиёсати ўзгарганини эълон қилди


  • 24 Ноябрь, 2026
  • 12

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Пхеньян ўз суверенитетини ҳимоя қилиш билан бирга халқаро алоқаларни кенгайтириш ниятида эканини маълум қилди. Бу ҳақда 23 ноябрь, душанба куни Корея марказий ахборот агентлиги (КМАА) хабар берди.

Баёнот хорижий давлатларнинг янги тайинланган элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиш маросимида янгради. КМАА эълон қилган суратларда расмий костюм ва галстукдаги Шимолий Корея раҳбари ташқи ишлар вазири Чхве Сон Хи билан биргаликда ёрлиқларни қабул қилаётгани ҳамда ҳар бир элчи билан суратга тушаётгани акс этган.

Дипломатлар қаршисида сўзга чиққан Ким Чен Ин дунё ўткир хавфсизлик инқирозини, шунингдек, глобал сиёсий ва иқтисодий тартибсизликни бошдан кечираётганини, бу эса Пхеньяндан суверенитетни ҳимоя қилишга бўлган ёндашувларни қайта кўриб чиқишни талаб этаётганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, КХДРнинг ташқи сиёсий мақсади жаҳон мамлакатлари билан мустақиллик, тинчлик ва дўстлик тамойиллари асосида муносабатларни ривожлантиришдан иборат бўлиб, республика “на устунликка, на экспансияга интилади”.

Маросим АҚШ президенти Дональд Трамп ўтган ҳафта Хитойда бўлиб ўтган Осиё–Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (АТЭС) форуми саммитида иштирок этган Осиё сафарини якунлаганидан кўп ўтмай ўтказилди. Ташриф олдидан Америка президенти ёрдамчиларига Ким Чен Ин билан учрашув ташкил этиш имкониятини ўрганишни топширган, бироқ музокаралар амалга ошмаган эди.

Кённам университети Узоқ Шарқ тадқиқотлари институти профессори Лим Иль Чхоль тушунтирганидек, Америка ташаббуслари эътиборсиз қолдирилаётган бир пайтда Кимнинг дипломатик қабулда шахсан иштирок этиши Пхеньяннинг “суверенитетга асосланган кўп қутбли дипломатия”га ўтаётганини ва ўзгариб бораётган жаҳон тартибига мустақил равишда таъсир ўтказишга интилаётганини намоён этади.

Трампнинг биринчи президентлик муддати даврида АҚШ ва КХДР етакчилари уч марта учрашган ва ўша саммитларнинг асосий мавзуси Корея яриморолини ядро қуролидан холи қилиш бўлган эди. Бироқ бугунги кунда, The Wall Street Journal нашри ёзганидек, Ким Чен Ин на ядро қуролидан воз кечишдан, на Оқ уй билан аввалги алоқаларни тиклашдан манфаатдор.


Бошқа мақолалар