- 2019-02-18
2030 йилгача Қозоғистондаги автоювиш шохобчалари сувдан такрорий фойдаланиш тизимига
ўтиши шарт. Маҳаллий коммунал корхоналар ходимлари тадбиркорларга ушбу талаблар ҳақида маълум қилиб, буни табиий ресурсларни тежаш зарурати билан изоҳладилар.
Шу йилнинг июль ойидан бошлаб мамлакатда табиий ресурслардан янада оқилона фойдаланишни назарда тутувчи янгиланган Сув кодекси амал қилмоқда. Энг кўп сув истеъмол қиладиган объектлар билан ишлаш асосий йўналишлардан бирига айланди.
Бу рўйхатга автоювиш шохобчалари ҳам киритилган. Янги талабларга кўра, улар босқичма-босқич айланма сув таъминоти тизимига ўтишлари керак. Бу тизимнинг ишлаш принципи оддий: ишлатилган сув кўп босқичли тозалашдан ўтади ва сўнгра яна қайта ишлатилади.
“Биз шаҳардаги барча автоювиш шохобчаларини хатловдан ўтказдик, уларнинг бир кунлик сув истеъмоли ҳажмини аниқладик ва айланма сувдан фойдаланиш тизимини жорий этишни тавсия қилувчи махсус кўрсатмалар бердик. Ушбу талабларнинг бажарилиши корхонамиз назоратида бўлади”, — деди “Семей водоканал” давлат коммунал корхонаси жамоатчилик билан ишлаш бўлими бошлиғи Талгат Мадияров.
Автоювиш шохобчалари эгалари сувни тежаш ғоясини қўллаб-қувватлайдилар, бироқ бундай тизимни жорий этиш осон эмаслигини таъкидламоқдалар. Биринчидан, ускуналар сармоя талаб қилади — яхши қурилманинг минимал нархи бир миллион тенгедан бошланади. Тизимнинг нархи унинг қуввати ва филтрлаш турига боғлиқ. Иккинчидан, ускунани ўрнатиш учун бинони реконструкция қилиш талаб этилади.
“Бу ускунани сотиб олиш ва ўрнатиш учун харажатлар, қолаверса, мана шу филтрларни алмаштириш дегани. Уларни ойига бир марта эмас, балки тез-тез алмаштиришга тўғри келади. Уларнинг нархи қанча? Шунга яраша, филтрларни алмаштириш бизга анча қимматга тушади”, — деди автоювиш шохобчаси администратори Елена Гурьева.
Семейдаги автоювиш шохобчаларида минимал сув сарфи ойига 70 кубометрни ташкил қилади. Йирик шохобчалар 250 кубометргача сув сарфлайди. “Водоканал” ходимларининг қайд этишича, янги технологияларга ўтиш сув истеъмолини камида учдан бир қисмга қисқартиради.
Бундай ускуналарни ўрнатиш техник тайёргарлик ва қўшимча маблағ талаб этади. Шу боис ҳозирда тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари кўриб чиқилмоқда. Бу қайтарилмайдиган грантлар ёки паст фоизли кредитлар бериш шаклида бўлиши мумкин.