- 2022-02-23
АҚШ президенти Дональд Трамп Эронни нишонга олиб, яна бир бор таҳдид қилди.
Трамп: “Улкан ҳарбий денгиз флоти Эрон томон илгариламоқда. Эронга аввал ҳам айтганимдек, келишув тузинг. Навбатдаги ҳужум анча ёмонроқ бўлади”, деган ифодаларни қўллади. АҚШ давлат котиби Марко Рубио эса: “Эрон атрофида 40 минг аскаримиз бор. Трамп хоҳласа, ҳужум бошланиши мумкин”, деди. Ушбу баёнотлардан сўнг Эрондан “шай ҳолатдамиз” деган хабар келди ва “Зарур бўлса, Исроилни ҳам урамиз”, дея баёнот берилди.
АҚШ ва Эрон ўртасидаги кескинлик давом этар экан, Теҳрон таҳдидларга тезкорлик билан жавоб қайтармоқда. АҚШ президенти Дональд Трамп Эронга нисбатан янги баёнот бериб, Вашингтоннинг ҳарбий ва дипломатик босими давом этаётганини яна бир бор намойиш қилди.
Трамп, “USS Abraham Lincoln” авиаташувчи кемаси бошчилигида минтақага юборилган АҚШ флотидан ташқари, “Эрон томон ҳаракатланаётган янги ҳарбий денгиз флоти” ҳам борлигини айтди ва Теҳрон маъмуриятини музокараларга чақирди. Трамп Эрон ядровий қурол дастуридан воз кечиши ва “адолатли келишув” тузиши кераклигини таъкидлади; акс ҳолда ҳарбий вариантлар столда эканига ишора қилди. Эрон ҳам бу ҳарбий ҳаракатларга кескин жавоб бериб, “урушга тўлиқ тайёр” эканини билдирди.
Трампнинг баёнотлари қуйидагича: “Улкан ҳарбий флот Эрон томон илгариламоқда. Катта куч, шижоат ва мақсад билан тез ҳаракат қилмоқда. Бу флот улкан авиаташувчи кема «Abraham Lincoln» бошчилигида бўлиб, Венесуэлага юборилганидан ҳам каттароқдир. Худди Венесуэлада бўлгани каби; зарур бўлган тақдирда ўз вазифасини тезлик ва шиддат билан бажаришга тайёр, хоҳишли ва қодирдир. Умид қиламанки, Эрон тезроқ «Столга ўтиради» ва ҳамма учун яхши бўлган, адолатли ва ҳаққоний келишув — ЯДРОВИЙ ҚУРОЛСИЗ — бўйича музокара олиб боради. Вақт тугамоқда, вақт ҳақиқатан ҳам жуда қадрли! Эронга аввал ҳам айтганимдек, КЕЛИШУВ ТУЗИНГ! Тузишмади ва Эрон учун катта вайронагарчилик бўлган «Ярим тун босқони» операцияси содир бўлди. Навбатдаги ҳужум анча ёмонроқ бўлади! Бунинг яна такрорланишига йўл қўйманг. Бу масалага эътиборингиз учун раҳмат!”
Эронлик мулозим Ғарибободий шундай деди: “Америкаликлар натижаси олдиндан белгиланмаган музокараларни истаса, Эрон буни қабул қилади, бироқ АҚШ бизни ҳарбий кучларни жойлаштириш орқали музокарага мажбурлай олмайди”. АҚШнинг чекланган ҳужум эҳтимолига тўхталар экан, Ғарибободий: “Бизга қарши ҳужум уюштирилган ҳар қандай база ёки нуқтани нишонга оламиз. Ҳарбий аралашув АҚШ учун осон танлов эмас, чунки улар Эроннинг жавоби нафақат мутаносиб, балки ундан анча кучли бўлишини биладилар. Жавобимиз улар бошқа ҳеч қачон чекланган ҳужумлар уюштиришни хаёлларига ҳам келтирмайдиган қилиб ишлаб чиқилган”, дея баҳо берди.
Шунингдек, у АҚШ билан музокара жараёни бошланган тақдирда ҳам Эрон эҳтимолий урушга қарши тайёргарлик даражасини туширмаслигини билдириб: “Душманнинг уруш ҳолатини инобатга олсак, биз учун музокара устувор эмас, Эроннинг устувор вазифаси мамлакатни ҳимоя қилишга 200 фоиз тайёр туришдир”, деган ифодаларни қўллади.
АҚШ давлат котиби Рубио: “40 минг АҚШ аскари Эроннинг минглаб дронлари ва баллистик ракеталари етиб борадиган масофада турибди. Эҳтимолий Эрон таҳдидига қарши кучларимизни мудофаа позициясида тутишга мажбурмиз. Трамп хоҳласа, ҳужум бошланиши мумкин”, деди. Бошқа томондан, АҚШнинг “стелс” (кўринмас) самолётлари Яқин Шарқда экани хабар қилинди.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида огоҳлантирувчи баёнот берди: “Жасур қуролли кучларимиз тупроқларимизга, ҳаво ҳудудимизга ва денгизларимизга бўладиган ҳар қандай ҳужумга дарҳол ва кучли зарба бериш учун шай ҳолда кутмоқдалар”. Ароқчи 2025 йил июнь ойидаги Эрон ва Исроил ўртасидаги “12 кунлик уруш” га тўхталиб: “12 кунлик урушдан олинган қимматли сабоқлар бизга янада кучлироқ, тезроқ ва кенг кўламлироқ жавоб бериш имконини беради”, деди.
Эрон раҳбари Оятуллоҳ Али Хаменеининг маслаҳатчиси Али Шамхоний эса, мамлакатга нисбатан ҳар қандай ҳужум “чекланган” бўлса ҳам, унга “ёппасига” ва “мисли кўрилмаган” тарзда жавоб берилишини билдирди. Шамхоний Х (собиқ Twitter) тармоғида: “Чекланган ҳужум – бу нотўғри тасаввур. Ҳар қандай манбадан ва ҳар қандай даражада амалга ошириладиган ҳар қандай ҳарбий ҳаракат урушнинг бошланиши деб қабул қилинади ва жавоби дарҳол, ёппасига ва бемисл бўлади. У Тель-Авивнинг марказини ва тажовузкорни қўллаб-қувватлаган ҳар бир кишини нишонга олади”, деган сўзларни ёзиб қолдирди.