Туркистонда халқаро даражадаги аквапарк пайдо бўлади


  • 30 Январь, 2026
  • 28

Туркистон шаҳрида халқаро даражадаги аквапарк қурилиши лойиҳаси тақдимот қилинди. Туркистон вилояти ҳокими Нуралхан Кушеров унинг техник кўрсаткичлари ва амалга ошириш шаклини хитойлик инвестор билан бўлиб ўтган учрашувда муҳокама қилди, деб хабар берди ҳокимлик матбуот хизмати.

Тақдим этилган режага кўра, кўнгилочар мажмуанинг умумий майдони 120 минг квадрат метрдан ошади. Унинг таркибидан сув аттракционларига эга аквапарк ҳудуди, кемпинг шаклидаги меҳмонхона, меҳмонларни қабул қилиш маркази ва банкет зали ўрин олади. Лойиҳа оилавий дам олиш ва туризмни ривожлантиришга йўналтирилган.

Бўлажак аквапаркнинг ўзига хос жиҳати йилнинг турли фаслларида фойдаланиш мумкин бўлган аттракционлар бўлади. Ёзда маҳаллий сув ҳавзасидан чўмилиш учун, қишда эса картинг трассаси сифатида фойдаланиш режалаштирилмоқда. Бу эса мажмуанинг йил давомида ишлашига имкон беради. Ташриф буюрувчилар учун баланд сув тепаликлари (горка), “торнадо” аттракциони, аква-қалъа, камалак шаклидаги сув йўлаклари ва интерактив ўйин ҳудудлари кўзда тутилган.

Янги туристик объект ҳам вилоят аҳолиси, ҳам Қозоғистоннинг бошқа ҳудудлари ва хориждан келадиган меҳмонлар учун мўлжалланган. Ҳокимликнинг таъкидлашича, лойиҳанинг амалга оширилиши янги иш ўринлари билан таъминлашга ва Туркистоннинг туристик жозибадорлигини оширишга хизмат қилади. Бироқ, қурилиш учун қайси компания масъул бўлиши ва унинг қиймати қанчалиги ҳозирча номаълум.

Учрашувда бошқа инвестиция лойиҳалари ҳам муҳокама қилинди. Яқин вақт ичида вилоят раҳбарияти “Turan” махсус иқтисодий зонасида янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш бўйича ишларни фаоллаштиришни режалаштирмоқда.

Ҳокимлик вилоятда инвестицияларни жалб қилиш бўйича ишлар давом этаётганини эслатиб ўтди. Асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар режаси 2025 йил учун 1 триллион 427 миллиард тенге этиб белгиланган эди. Йил якунларига кўра, амалда 1 триллион 746 миллиард тенге сармоя киритилди, бу эса 121,6 фоизлик ўсишни англатади.


Бошқа мақолалар