Хитой микротўлқинли қурол ишлаб чиқди


  • 6 Февраль, 2026
  • 24

Хитойнинг Сиань шаҳридаги Шимоли-ғарбий ядровий технологиялар институти олимлари дунёдаги биринчи, бир дақиқа давомида 20 гигаватт қувват бера оладиган микротўлқинли қурол қурилмасини ишлаб чиқдилар.

Қуролнинг узунлиги тўрт метр, вазни эса тахминан беш тоннани ташкил этади. Қурилма юк машиналари, кемалар, самолётлар ёки ҳатто сунъий йўлдошларга жойлаштириш учун етарлича ихчамдир.

Нашр ҳавола бераётган хитойлик экспертларнинг баҳолашича, “TPG1000Cs” қурилмаси ер атрофидаги паст орбитада ишлаётган сунъий йўлдошлар, хусусан, “Starlink” компанияси аппаратлари фаолиятини жиддий бузишга ёки уларни бутунлай йўқ қилишга қодир.

Газетанинг аниқлик киритишича, ҳозирда маълум бўлган шунга ўхшаш тизимлар тўхтовсиз уч сониядан кўп ишлай олмайди ва ҳажм жиҳатидан анча каттароқдир. Масалан, мақолада айтилишича, Россиянинг “Синус-7” тизими бир циклда 100 га яқин импульс беради ва вазни тахминан 10 тоннани ташкил этади.

Ўтган йилнинг охирида БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги чиқишида Хитой томони “Starlink” лойиҳасини миллий хавфсизликка таҳдид деб билишини баён қилган эди. Пекин вакили мисол тариқасида 2021 йилда сунъий йўлдошнинг Хитой орбитал станцияси билан яқинлашиши ва 2025 йил декабрида бошқа бир аппаратнинг парчаланиб кетиши билан боғлиқ қатор ҳодисаларни келтирди. Хитой вакилининг қўшимча қилишича, қатор ҳолатларда “Starlink” ҳарбий разведка учун қўлланилади. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, баъзи сунъий йўлдошлардан “террорчи ва айирмачи гуруҳлар” фойдаланмоқда.

2025 йил август ойида “Associated Press” агентлиги Хитой илмий журналларидаги 60 дан ортиқ ишларни таҳлил қилиб, хитойлик олимлар “Starlink” билан курашиш чораларини ишлаб чиқаётганини аниқлади. Хитойлик олимлар томонидан таклиф этилган сунъий йўлдошларни аниқлаш ва йўқ қилиш усуллари лазерли кўринмас сув ости кемаларидан тортиб, ионли двигателларга эга махсус ҳужумкор сунъий йўлдошларни йўлга қўйишгача бўлган чораларни ўз ичига олган.


Бошқа мақолалар